Ўзбек каратэчилари жаҳон чемпионатидан 7 та медаль билан қайтишди
17-18 ноябрь кунлари Қозоғистоннинг Алмата шаҳрида KyodoKyokushin каратэ бўйича жаҳон чемпионати якунланди. Ғолиблик учун 511 нафар спортчи кураш олиб борган чемпионатда Ўзбекистон шарафини «NUR-HAS» каратэ марказининг тўққиз нафар спортчилари ҳимоя қилишди.
Илк кунги натижаларга кўра, ката баҳсларида ҳамюртимиз Мутал Назаров кумуш, Жахонгир Хайдаров бронза медалга сазовор бўлди.
Жаҳон чемпионатининг иккинчи куни кумите бўйича ғолиблар аниқланди. Ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда спортчиларимиздан Толиб Мардонов ва Оғабек Ҳолиқулов ўз вазн тоифаларида ярим финал учун ўтган кескин жангларда рақибларига имкониятни бой беришди. Севинчбек Қаршиев ҳамда Иброҳим Ражабов эса якунда жаҳон чемпионатини бронза медал билан якунлашди.
Катталар ўртасида ўтган мусобақаларда Фазлиддин Ҳаётов ярим финал йўлида юришини тўхтатди. Мутлоқ оғир спортчилар мусобақасида иштирок этган Нурбек Хушманов ва Рустам Зоиров ҳам бронза медалларини терма жамоамиз ҳисобига ёзиб қўйишди.
Томошабинлар диққат эътиборини тортган қизиқарли жанглар мутлоқ оғир вазн тоифасидаги қора белбоғ соҳиблари ўртасида бўлиб ўтди. -90 килограмм вазнга эга бўлган ҳамюртимиз Мутал Назаров ярим финалда оғирлиги 140 килограмм бўлган қозоғистонлик Алексей Поляковни мағлуб этиб финалга чиқди.
Украиналик Дмитрий Боклашук билан ўтган финал жангининг асосий вақтида эса томоналар имконияти тенг баҳоланди. Ғолиб номи қўшимча вақтларда аниқланадиган бўлди ва якунда ҳакамларнинг қарори билан ғалаба украиналик спортчи ҳисобига ёзилди.
Шундай қилиб «NUR-HAS» каратэ маркази вакиллари жаҳон чемпионатида 2 та кумуш ва 5 та бронза медалларига эга бўлишди.
Фикрлар