Ўзбекистон U-14 ва “Эйбар” U-15 жамоалари бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда Испания Ла лигасининг ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга асосан Испания Примеросида иштирок этаётган “Эйбар” клубининг U-15 жамоаси юртимизга ўртоқлик ўйини ўтказиш учун ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
Эртанги ўйин олдидан Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Азамат Абдураимов ва “Эйбар” U-15 жамоаси бош мураббийи Антхон Чарола Эскудеролар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар бермоқда.
Матбуот анжуманида Азамат Абдураимов ҳамда Антхон Чарола Эскудеролар журналистларнинг саволларига жавоб беришар экан, ушбу ўйинни ташкил этгани учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Профессионал футбол лигасига миннатдорчилик билдиришди.
Азамат Абдураимов: – Йиғинга чақирилган айрим футболчиларда жароҳат борлиги сабабли эртага майдонга туша олмасликлари мумкин. Шунга қарамай эртанги ўйинда биз ҳужумкор ўйин намойиш қиламиз. Марказий Осиё футбол ассоциацияси томонидан ташкил қилинган CAFA U-15 мусобақасидаги иштирокдан кейин эртанги ўйин жамоа футболчилари учун катта тажриба бўлиб хизмат қилади. Биз 5 та ёш тоифасидаги Ўзбекистон чемпионатини ҳам кузатиб, терма жамоага номзод футболчиларни танлаб олдик. Масалан, мусобақанинг энг яхши тўпурари Сардор Тожибоев сафимизга қўшилган. Саралаб олинган номзодлар ўсмирлар терма жамоасига ноябрь ойидаги йиғинларда қўшилишади. Декабрь ойида ҳам бизни Малайзияда “Super Max” халқаро мусобақаси кутиб турибди. Шу сабаб ноябрь ойида ҳам йиғин ташкил қилиб, футболчиларни синовдан ўтказишда давом этамиз.
Антхон Чарола Эскудеро: – Бу ташкил этилаётган ўртоқлик ўйини келажакда яна кўплаб ташкил этиладиган ўзаро ўйинлар учун дебоча бўлиб хизмат қилишига ишонаман. Қўл остимдаги жамоани мен бу йил қабул қилиб олдим. Эртанги ўйин орқали жамоамнинг имкониятларини синовдан ўтказиб оламан. Испанияда 11 ёшгача бўлган болалар алоҳида мактабда шуғулланишади. Кейин 11 ёшдан академияда ўқиш учун уларда имконият пайдо бўлади. Академияда 7 босқичли ўқиш системаси йўлга қўйилган. Барча босқичдан муваффақиятли ўтган футболчилар “Эйбар”нинг асосий жамоасида ҳамда бошқа профессионал клубларда ўйнаш имконига эга бўладилар. Ҳозирда “Эйбар” асосий жамоасининг 50 фоизидан ортиғи ўз тарбияланувчиларимиздан иборат. Бизда академиялар спорт шаҳарчаларига айлантирилмоқда. Бу эса қамровни янада кенгроқ олиш имкониятини беради.
Таъкидлаб ўтамиз, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг “Эйбар” U-15 жамоасига қарши баҳси 14 октябрь куни пойтахтимиздаги ТТЙМИ стадионида бўлиб ўтади. Ўйин соат 15:00да старт олади.
Фикрлар