Ўзбекистон бокс федерацияси раисига биринчи ўринбосар сайланди
Бугун, 2 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон бокс федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Унда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари, федерациянинг вилоят бўлими вакиллари, юртимиздаги спорт федерация ва ассоциациялар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Сир эмаски, бокс Олимпия ва Осиё ўйинларида Ўзбекистон учун кўплаб медаллар тақдим этувчи асосий спорт турларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда ўзбек боксчилари жаҳон ва қитъа миқёсида шов-шувли натижаларни қайд этиб келишмоқда. Аммо, эришилган ютуқлар билан тўхтаб қолмаслик, ушбу зафарли юришни давом эттириш лозим. Бугун ташкил этилган ҳисобот-сайлов Конференцияси кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосарини сайлашдан иборат эди.
Конференцияда ушбу масъулиятли лавозимга Сакен Жетибаевич Полатов номзоди илгари сурилди. Маълумот учун, С.Полатов 1975 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Маълумоти олий. “Orient Finans Bank” бошқарув Кенгаши раиси. Бир неча йилдан буён спорт соҳасида, жумладан Тошкентнинг “Локомотив” футбол клуби тизимида фаолият олиб боради. Унинг қўл остида «Локомотив» жамоаси қисқа муддат ичида юртимизнинг етакчи жамоалардан бирига айланиб улгурди.
Мазкур номзод Конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Шу тариқа, Сакен Полатов Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди.
- Авваламбор билдирилган ишонч учун барчага раҳмат айтмоқчиман. Насиб қилса, ҳали катта ютуқларга эришамиз. Бунинг учун албатта биргаликда, ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз лозим, – деди Сакен Пулатов.
МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов ҳам Сакен Полатов ҳақида илиқ фикрларни билдириб ўтди.
- Сакен Жетибаевичнинг ўзбек спортига катта меҳнати сингган. У киши футбол ривожланишига ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Бунгача ушбу лавозимда фаолият олиб борган Шерзод Тошматов соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб ўз аризасига кўра лавозимини топширди. Фурсатдан фойдаланиб, федерация бошқарувида амалга оширган ишлари учун унга миннатдорчилик билдирамиз. Насиб қилса янги раҳбарият билан Токио Олимпиадасида бунданда яхшироқ натижа кўрсатамиз, – деди Умид Аҳмаджонов.
Шунингдек, йиғилиш давомида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов ҳам сўзга чиқди ва бунгача қилинган ишлар, ютуқлар ҳақида гапирди. Эришилган натижалар билан тўхтаб қолмасдан, бундан кейин ҳам ушбу муваффақиятли юришни давом эттириш ҳақида гапирди.
Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов олдинда турган муҳим мусобақалар, жумладан Осиё ва жаҳон чемпионатлари, қолаверса Олимпия ўйинларида бор кучи билан ҳаракат қилишини, Токио Олимпиадасида ўзининг иккинчи олтин медалига эга чиқмоқчи эканлиги ҳақида маълум қилди. Шунинг билан, Ўзбекистон бокс федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси ўз ишини якунлади.
Фикрлар