Каннаваро кўчадан кириб келган мутахассис эмас!
Ўз даврида Италиянинг “Ювентус” ва “Женоа” каби машҳур клубларида ўйнаган ўзбекистонлик Илёс Зейтуллаев бир неча йилдан бери юртимизда мураббийлик фаолиятини юритмоқда. Таниқли мутахассис “Бунёдкор” клуби бош мураббийлигидан кетганидан кейин қуйи лигада “Каттақўрғон” жамоасини қабул қилиб олди.
Sports.uz портали Зейтуллаевнинг Eurasia Football нашрига берган интервьюсида Италия ва Ўзбекистон футболи ҳақида билдирган фикрларини ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.
- Сўнгги йилларда Ўзбекистон футболи билан Италия ўртасидаги алоқа сезиларли даражада кучайди. Италия футбол мактабига ўзига хос қизиқиш пайдо бўлгани ҳақида гапириш мумкинми?
- Менимча, бу кўпроқ вазиятлар тақозоси. Каннаваро ўзининг италиялик мураббийлар штаби билан келди ва, албатта, муайян услуб ва методикаларни олиб келди. Бироқ Ўзбекистонда испаниялик ва сербиялик мутахассислар ҳам ишлаяпти. Менимча, бу фойдали.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам яхши мураббийлар борлигини унутмаслик керак. Футболни италияликлар ҳам, испанияликлар ҳам, сербияликлар ҳам ўйлаб топмаган.
Энг фойдали жиҳат – ғоялар алмашинуви. Менинг футболга оид муайян қарашларим бор. Испаниялик ёки португалиялик мутахассис келади. Агар мен очиқ бўлсам, агар менда олдиндан шаклланган қарашлар бўлмаса, унинг қандай ишлашини тушуниш мен учун қизиқ. Унинг ғоялари қандай? Ҳозир Португалия, Испания, Англия ва Италияда қандай тенденциялар мавжуд? Турли футбол маданиятлари вакилларидан бевосита ўрганиш имкониятига эга бўлиш – бу катта имтиёз, тасаввур қиляпсизми?
Германияни олайлик. Испания футболи устунлик қилган пайтда “Бавария” испаниялик мутахассисни таклиф қилди. Улар нима учун айнан шу футбол ўша пайтда самара бераётганини тушунишни исташди. Улар ўргандилар, муайян элементларни жорий қилдилар, аммо немис футбол маданияти йўқолиб кетмади. Улар ўзлиги, интизоми ва вертикал ўйин услубини сақлаб қолишди.
Мана, айнан шундай ишлаш керак. Сен мутахассисни таклиф қиласан, ундан ниманидир ўрганасан, ниманидир ўзлаштирасан. Кейин у кетади, аммо билимлар қолади.
Шунинг учун Ўзбекистонда кучли хорижлик мутахассисларнинг ишлаши катта плюс. Аммо бунда бизнинг муносабатимиз ҳам муҳим. Агар бошиданоқ: “У бу ерга фақат пул ишлаб кетиш учун келган”, деб ўйласак, ундан ҳеч нарса ўрганмаймиз. Икки томон ҳам очиқ бўлиши керак.
- Ўзбекистон терма жамоасининг Фабио Каннаваро қўл остидаги ривожини қандай баҳолайсиз? Уни Сречко Катанец ва Тимур Кападзе давридаги жамоалар билан таққослаш қанчалик тўғри?
- Бу бир жараён. Ҳамма нарсани фақат жаҳон чемпионатига қараб баҳолаб бўлмайди.
Ўзбекистон тарихда илк бор жаҳон чемпионатига чиқди. У ерда биз мутлақо бошқа даражадаги жамоаларга қарши ўйнадик. Жаҳон чемпионати ёлғон гапирмайди. У сенинг жаҳон футболига нисбатан реал даражангни кўрсатади.
Осиёда эса биз аллақачон кучли миллий терма жамоалар қаторига кирдик. Бизда жуда яхши ёш футболчилар, кучли тажрибали ўйинчилар бор, айримлари нуфузли хорижий клубларда тўп тепмоқда. Ўзбекистон Жанубий Корея, Япония ва Эрон билан рақобатлаша олиши аниқ.
Аммо жаҳон чемпионати – мутлақо бошқа даража. Сен ҳар ҳафта Англия, Италия, Франция ва Германия чемпионатларида ўйнайдиган футболчиларга қарши майдонга тушасан. Бу ерда ритм ҳам мутлақо бошқача.
Катанец даврида кўп нарса аллақачон йўлга қўйилган эди. Футболчилар нима қилиш кераклигини тушунар, жамоа тузилмасини биларди. Кейин Тимур Кападзе жамоани жуда масъулиятли пайтда қабул қилиб олди. Тимур, албатта, катта иш қилди. Айнан шундай пайтда терма жамоани қабул қилиб, уни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш – жуда жиддий меҳнат.
Жаҳон чемпионати эса таҳлил учун материал берди. Қандай хатоларга йўл қўйилди? Нима устида ишлаш керак? Балки миллий терма жамоа таркибини ёшартириш зарурдир? Қандай янги жиҳатларни қўшиш керак? Ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар жуда кўп.
Каннаваронинг катта тажрибаси бор. Ахир у жаҳон чемпиони, соҳага кўчадан кириб келган мутахассис эмас. Энди муҳими, унинг бу тажрибаси фойда келтириши.
- Умуман, Каннаваронинг футбол услубини типик итальянча деб аташ мумкинми?
- Мен бундай, деб ўйламайман. Бугун “итальянча футбол”, деганда нимани тушунамиз?
Италияликларнинг ўзи ҳам бир жойда қотиб қолмаган. Улар нима учун жаҳон чемпионатларига чиқишда муаммоларга дуч келганини, нимани ўзгартириш кераклигини ўйлашмоқда. Улар энди футболни аввалгидек ўйнашмайди.
Футбол умуман жамиятнинг кўзгусидир. Унда фақат футболга бевосита алоқадор муаммолар эмас, бошқа масалалар ҳам мавжуд. Бирор нарсани ҳақиқатан ўзгартириш учун муаммонинг илдизи билан ишлаш керак. Бунинг учун жасур инсонлар ва янги ғоялар зарур.
Болалар футболи, мураббийларни тайёрлаш ва лицензиялаш тизими бўйича саволлар бор. Маълум бир даврда кичик ёшданоқ тактикага ҳаддан ташқари катта эътибор берилди. Агар муаммони ҳал қилмоқчи бўлсанг, пойдеворни ўзгартиришинг керак.
Баъзида федерация муаммонинг илдизи билан курашиш ўрнига, кўчма маънода айтганда, дарахтнинг фақат баргларини узиб ташлайди. Сен юқорида ниманидир ўзгартирасан, аммо пастда тайёр материал йўқ. Энг яхши испанияликлар ёки португалияликлар даражасида ўйнай оладиган етарлича футболчи йўқ.
Италиялик мутахассисларнинг ўзлари ҳам футбол ўзгараётганини жуда яхши тушунадилар. Улар испанияликлар, португалияликлар ва немисларни ўрганишмоқда, бу ишни жуда синчковлик билан амалга оширишяпти. Шунинг учун Италия мураббийлик мактабини фақат миллий терма жамоа натижаларига қараб баҳолаш ҳам нотўғри. Италиялик мутахассислар ҳамон жуда кучли.
- Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси баъзи пайтларда рақибларнинг юқори интенсивлигига дош беришда қийналди. Бу нималар билан боғлиқ?
- Бу ерда жуда кўп жиҳатлар бор. Ўзбекистон чемпионатидаги интенсивлик ҳозирча дунёнинг етакчи чемпионатларидан пастроқ эканини тушуниш керак. Биз дарвозабон тўпни эгаллаб олганидан кейин уни узоқ ушлаб туриши, тўпни ўйинга киритишни атайлаб чўзиши ва натижада ўйин суръати дарҳол пасайиб кетадиган ҳолатларни кўрдик. Шунинг учун мен дарвозабоннинг тўпни назорат қилиш вақтига чеклов қўядиган янги қоидани маъқуллайман. Бундай ўзгаришлар жамоаларни ўйинни тезроқ давом эттиришга ва юқорироқ суръатни ушлаб туришга мажбур қилади.
Футболчини жисмонан тайёрлаш мумкин. Каннаваронинг жуда кучли мураббийлар штаби, жисмоний тайёргарлик бўйича яхши мутахассислари бор. Аммо 90 дақиқалик ўйин ритмини ҳеч ким бекор қилмаган. Ўйин – ўйинлигича қолади.
Қаршингда эса ҳар ҳафта жуда юқори интенсивликда ўйнайдиган, кучли чемпионатда ва Чемпионлар лигасида иштирок этадиган футболчи туради. Сен ана шу интенсивлик остида қоласан. Буни футболни ўзи ўйнаган инсон айниқса яхши ҳис қиладиган жуда нозик жиҳат. Биринчи уч қадам, биринчи тўқнашув – фарқни дарҳол тушунасан.
Менимча, бу омил катта роль ўйнади. Шунинг учун терма жамоа ўша шароитда қўлидан келганини қилди. Ҳа, қаердадир яхшироқ ўйнаш мумкин эди. Аммо жаҳон чемпионати, аввало, нималар устида ишлаш, қаерга ресурсларни йўналтириш ва нималарга эътибор қаратиш кераклигини кўрсатди.
- Бундай мағлубиятлар баъзида ғалабалардан кўпроқ нарса бериши мумкинми?
- Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Қийинчиликлар баъзида ғалабалардан анча кўпроқ нарсани кўрсатади, чунки улар нималар устида ишлаш кераклигини очиб беради.
Баъзида аксинча бўлади: сен ғалабага муносиб эмас эдинг, аммо ғалаба қозонасан. Натижа эса камчиликларингни яшириб қўяди. Аммо эртами-кечми, улар барибир намоён бўлади.
Ўзбекистон эришган даражадан жуда хурсандман, аммо ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Футбол раҳбарияти ва футбол жамоатчилиги ривожланишга ҳаракат қилаётганини кўряпман. Муаммолар ва нозик жиҳатлар кўп, аммо ҳар ким ўзига боғлиқ бўлган ишни қилиши керак.
Сенга боғлиқ бўлмаган нарсалар эса бошқа масала. Футбол муҳим, аммо унга тўғри муносабатда бўлиш, уни қандайдир мутлақ қадриятга айлантириб юбормаслик керак. Умуман олганда, Ўзбекистон тўғри йўлдан бормоқда, деб ўйлайман.

Фикрлар