ПФЛ бир қатор йирик компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатди
Ушбу саммитда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Бош директори Омон Ғофуров бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Саммит доирасида делегациямиз вакиллари бир қанча Европа футбол жамоатчилиги вакиллари билан учрашувлар ўтказди ва бир қатор лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
Жумладан, Европанинг ТОП-5 чемпионатлари қаторига кирувчи Германия Бундеслигасининг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Бернд Вилмс билан музокара ўтказилди. Музокара доирасида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда Бундеслига ўртасида бир қанча йўналишлар (мухлислар билан ишлаш, футбол академиялари, ўртоқлик ўйинлари) бўйича ҳамкорлик қилиш учун меморандум имзолашга келишиб олинди. Ушбу масала бўйича Бундеслига вакиллари яқин кунлар ичида Тошкент шаҳрига келиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Реал Мадрид” клубига тўғридан-тўғри хизмат кўрсатадиган AdidasGeneration компанияси вице-президенти Карлос Пулидо билан музокаралар ўтказилди. AdidasGeneration компанияси Adidasбренди остида иштирок этадиган машҳур клублар билан ўртоқлик ўйинларини ва ўқув-машғулот йиғинлар ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширади.
Дунёнинг энг машхур компанияларидан бири ҳисобланган “Amazon” компанияси футбол саноатида ҳам фаолият юритаётгани ҳеч кимга сир эмас. Компания вакили Алессандро Татаранни билан бўлиб ўтган учрашув чоғида Ўзбекистонда футбол маркетингини такомиллаштириш ва ўзбек футболи брендини ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Футболнинг жозибадорлигини оширишда трансляция сифати жуда катта аҳамиятга эга. Европада бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, трансляция борасида катта муваффақиятларга эришилган. Бир қанча футбол лигаларига ушбу йўналишда хизмат кўрсатиб келаётган TELLYO компанияси вакили Жакоб Майковски ўз компанияси Ўзбекистонда ҳам футбол учрашувлари трансляциясини янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қилишини, бу борада компаниянинг махсус дастурини Ўзбекистонда синаб кўриш таклифини олға сурди. Яқин келажакда ушбу комания билан ҳамкорликда юртимизда футбол трансляциясининг сифатини яхшилаш ва янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон делегацияси 26-27 сентябрь кунлари ЛаЛига ташкилоти ва “Реал Мадрид” академияси билан яна бир қанча ҳамкорликдаги келишувлар бўйича музокаралар ўтказади.
Фикрлар