ПФЛ клубларни махсус фотосессиядан ўтказади

Янги мавсум бошланишига ҳам тобора оз фурсатлар қолмоқда. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси эса янги мавсумда бир қатор янгиликларни амалга оширишни режалаштирган. Мавсумолди фотосессияси ҳам шулар жумласидандир. ПФЛ матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра бугун "Пахтакор" ва АГМК жамоалари ушбу фотосессия жараёнини бошлаб беришади.

"Ўтган мавсумларда айрим клублар мавсумолди фотосессияни анча яхши ўтказган.

Баъзи жамоалар эса футболчи ва мураббийлар иштирокида фотосессия ташкил этиш масаласига эътиборсиз қарашган. Клуб матбуот хизмати мавсум давомида фойдаланиши ва ТВ орқали жамоалар таркиблари таништирилиши учун ўйинчилар ва мураббийлар штаби мавсум стартидан олдин фотосессияда қатнашиши бутун дунёда бор тажриба.

Шуни инобатга олган ҳолда, Профессионал Футбол Лигаси 2019 йилги мавсумда ушбу масъулиятни ўз зиммасига олади ва Суперлиганинг барча клублари ПФЛ матбуот ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўлими томонидан уюштириладиган фото ва видео-сессияда иштирок этишади.

Бугун халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган "Пахтакор" ва АГМК жамоалари футболчи ва мураббийлари мавсумолди фотосессия ва видеошутинг жараёнимизни расман очиб беришади. Мазкур жараён ЎзПФЛ INSTAGRAM саҳифаси орқали лаҳзали видеолавҳалар кўринишида жонли тарзда эътиборингизга ҳавола этиб борилади", - деб ёзилади ПФЛ хабарида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!