Темур Кападзе "Бухоро"дан учралган мағлубиятга изоҳ берди
Суперлиганинг 2-турида "Навбаҳор" ўз майдонида "Бухоро"га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Баҳсдан сўнг "лочинлар" бош мураббийи Темур Кападзе учрашув ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Авваламбор, "Бухоро"ни ғалаба билан табриклайман. Ўйин қийин бўлди. Тушунарлики, "Бухоро" яхши ҳимояланади ва ўйинни бузишга ҳаракат қилади. Бундай пайтда биттагина вазият ёки гол ҳаммасини ўзгартириб юбориши мумкин эди. Афсуски, биз ўз вақтида гол ура олмадик. Ҳаракат қилдик, аммо кўп ҳам имкониятга эга бўлмадик. Бунга рақиб ҳам имкон бермади. Гол ўтказиб юборганимиз яхши бўлмади, йигитлар ўйинни қутқариб қолиши керак эди.
Рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга қийналдик. Бу мавсумнинг боши, хатолардан хулоса чиқарамиз. Ваҳимали жойи йўқ. Кейинги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. Бу мураббийларга нималар устида ишлаш кераклигини кўрсатади.
"Бухоро"ни яхши ўргангандик. Улар кўпроқ ҳимояда ўйнашини билардик ва шунга қараб тайёргарлик кўргандик. Қаердадир ўхшади, қаердадир йўқ. Шу жиҳатдан бу ўйин биз учун фойдали ҳам бўлди, камчиликларимизни кўриб олдик.
Вазиятлардан фойдалана олмаслик мени ташвишга солмаяпти. Легионерлар сўнгги кунларда жамоага келиб қўшилди. Таркибдаги бошқа футболчиларнинг ҳам даражаси юқори. Ўз футболчиларимга ишонаман. Исталган жамоа бундай зич ҳимояга қарши қийналади.
Албатта, мағлубият ҳеч қачон ёқимли эмас. Аммо бу мағлубият бизни янада кучлироқ қилади. Олдинда ўйинлар кўп ва жамоа ўйиндан ўйинга кучайиб боради. Рақиб ҳимояда зич ўйнайди ва кўп ҳолатда ўйинни бузишга ҳаракат қилади. Баъзида ўзи ҳам футбол ўйнамайди ва рақибга ҳам имконият бермайди. Бугун "Бухоро"да ҳам кўп хавфли вазиятлар бўлмади. Биттагина стандарт ўйин натижани ҳал қилди.
Норчаев ҳозир Италияда даволанмоқда. Даволаниш тугагач, жамоага қўшилади.
Стандарт ҳолатларга тайёрланган эдик. Аммо блокдаги футболчиларимиз хатога йўл қўйди. Рақиб осон сакраб, гол урди. Бу индивидуал хато. Бундай ҳолатларни ҳам таҳлил қилиб чиқамиз. Чунки ҳар бир ўйинда стандартлар катта роль ўйнайди."
Фикрлар