Президентимиз кўп тармоқли "Ҳумо Арена" муз саройида бўлди (фото)
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишувидаги ҳудудда барпо этилаётган кўп тармоқли "Ҳумо Арена" муз саройи қурилиши билан танишди.
Ушбу спорт комплекси дизайнида замонавий қурилиш ечимлари ва илғор технологиялар миллий маданият элементлари билан уйғунлашиб кетган. Мажмуа кўкда парвоз этаётган бахт ва ҳурлик рамзи – Ҳумо қуши шаклида барпо этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 февраль куни «Ҳумо Арена» муз саройи қурилиш лойиҳаси билан танишиб, бу каби замонавий спорт иншоотларининг баркамол авлод тарбиясидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратган, мутасадди раҳбарларга қурилиш жараёнини юқори сифат билан амалга ошириш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди.
Айни пайтда бу ерда бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилаяпти. Иншоот икки қисмдан иборат бўлиб, ундан асосий ва машқ муз ареналари жой олади. Умумий майдони 82 минг 250 квадрат метрни ташкил этадиган 6 қаватли иншоотнинг энг баланд нуқтаси 40 метрни ташкил этади.
Мобиль ўриндиқлар билан жиҳозланадиган саройда хоккей ўйинларини 12 минг 500, бошқа спорт мусобақаларини 14 минг, турли концерт ва дам олиш дастурларини 10 минг томошабин кузатиш имконига эга бўлади. Дам олиш маскани ва ижтимоий марказ сифатида барпо этилаётган муз саройида турли тадбирларни ўтказиш мумкин бўлади. Хусусан, аренада халқаро хоккей ўйинлари, кёрлинг, фигурали учиш, шорт-трек бўйича мусобақалар билан бир қаторда, баскетбол, волейбол, гандбол, футзал, бокс, таэквондо, қиличбозлик каби спорт турлари бўйича ҳам беллашувларни ўтказиш имконияти бўлади. Бундан ташқари, мажмуада умумхалқ байрамлари, концертлар, кўргазма ва форумлар ташкил этиш учун шароитлар яратилади.
Мажмуада муҳандислик тармоқлари, ёнғин ўчириш, совутиш тизимлари, ёритиш, вентиляция, иссиқлик манбаи тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда, тежамкор технологиялар қўлланилади.
Бундан ташқари, бино ёнида 1 минг 375 автомобилга мўлжалланган 5 қаватли автотураргоҳ қурилмоқда.
Президентимиз ушбу мажмуада шуғулланадиган хоккей, фигурали учиш ва бошқа спорт турлари бўйича жамоаларни ҳозирданоқ шакллантириш, бу ерда йирик халқаро мусобақаларни ташкиллаштириш лозимлигини таъкидлади.
Мазкур мажмуа йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
P.S. Манба: uza.uz. (Фотоларни Оқил Ғуломов лутфан тавсия этган).
Фикрлар