Қўқонда янги футбол мактаби очилди (Фоторепортаж)

Ўзбекистон Руспубликаси президенти Ш.Мирзиёевнинг "Ўзбекистонда футболни ривожлантириш чора тадбирлари" тўғрисидаги фармони, кўплаб футбол ихлосмандалари қатори Қўқонликларни ҳам беҳад хурсанд қилди. Айниқса қарорда кўрсатилган ўзбек футболининг ватани бўлмиш Қўқон шаҳрида замонавий футбол стадионини барпо қилиш тўғрисидаги банди, Қўқонлик футболчилар ва мухлисларга чинакам совға бўлди десак янглишмаган бўламиз.

Бу қарордан илҳомланган Қўқонликлар енг шимариб ишга киришиб кетдилар. Бугун кунда Қўқон шаҳрида қуриб битказилган "Аҳмадхон" спорт мажмуаси сўзимизга яққол далил бўла олади. Бу спорт мажмуасида ёшларнинг футбол билан шуғулланишлари учун жаҳон андозалари даражасида шароитлар муҳайё қилинган.

"Аҳмадхон" спорт мажмуасида "JFL-Қўқон" футбол мактаби иш бошлади. Бу ҳақда "Қўқон-1912" матбуот хизмати хабар бермоқда. Бу мактабга қабул қилинган болалар футбол сир асрорларини махсус лицензияга эга бўлган мураббийлардан ўрганадилар. Мактабга қабул қилинган ўқувчилар футболдан ташқари сузиш машғулотлари ҳамда инглиз тили дарсларида ҳам иштирок этадилар. Футбол мактабида болаларнинг ўқиш ва машғулот ўтказишлари учун барча спорт анжомлари ва очиқ ҳамда ёпиқ турдаги майдонлар қуриб битказилган. Бу ерда футбол майдонларидан ташқари спортнинг бошқа турлари билан шуғулланиш учун мосланган иккита замоанвий спорт зали, тренжёрлар зали, бассейн ва сауна ҳам мавжуд.

Футбол мактабига 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар шифокор маълумотномаси асосида қабул қилинади. Машғулотлар икки сменада эрталаб ва обеддан кейин ўтказилади. Бу эса ўқувчиларни ўз вақтида мактабларига бориб дарс олишларига замин яратади. Мактабга қабул қилинган болалар спорт кийимлари билан таъминланадилар.

Қуйидаги суратлар орқали мактабда яратилган шароитларни ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!