Қозоғистон шарафини ҳимоя қилаётган москвалик теннисчи қиз туғилган юртида шов-шув кўтарди
 

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ташкил этилган мукофот жамғармаси 710900 АҚШ доллари бўлган "St. Petersburg Ladies Trophy - 2017" халқаро турнирида Қозоғистон номидан ўйнаётган Юлия Путинцева шов-шувли натижа қайд этди.

Мусобақада Россия шарафини ҳимоя қилган беш нафар теннисчидан бирортаси финалгача етиб келолмади. Фаолиятини россиялик теннисчи сифатида бошлаб, кейин Қозоғистонга ўтган Юлия Путинцева эса мезбонлар қилолмаган ишни амалга оширди.

Истеъдодли теннисчи ярим финал учрашувида иккинчи рақамда сараланган словакиялик машҳур ракетка устаси Доминика Цибулковани 3:6, 6:4, 6:4 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақадан чиқариб юборди.

Франциялик Кристина Младенович эса финал йўлланмаси учун баҳсда мезбонларнинг сўнгги вакили Наталья Вихлянцева устидан 4:6, 6:2, 6:2 ҳисобида зафар қучди.

Шундай қилиб, финал учрашувида Кристина Младенович Юлия Путинцева билан рақобатлашадиган бўлди.

SPORTS.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)