Расман! "Сурхон" бош мураббийсиз қолди

Хабарингиз бор бундан бироз аввал Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азиз Турғунбоевнинг можароли иши юзасидан ўз қарорини эълон қилди.

Унга кўра футболчини “Пахтакор”га ўтишга ундаган мураббий Илҳом Мўминжонов бир йилга футболдан четлатилди. Қайд этиш лозимки, Мўминжонов яқиндагина “Сурхон” клуби бош мураббийи лавозимига тайинланган эди. Ҳозирча “Сурхон” клуби бу воқеа юзасидан ўз фикрини баён этгани йўқ. Аммо, термизликлар энди ўзлари учун бошқа мураббий қидиришларига тўғри келади.

"2018 йилнинг катта қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи сифатида ишлаб келган Илҳом Мўминжонов футболга алоқадор барча турдаги фаолиятдан 1 йилга дисквалификация қилинади. Бу ҳақдаги қарор Интизом ва одоб-аҳлоқ қўмитаси томонидан қабул қилинди. 

Қайд этиш керак, Турғунбоев можаросини фақатгина Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича комиссиягина ҳал қила олмасди. Воқеага алоқадор бўлган барчага одилона санкциялар қўллаш учун ЎФА Интизом ва одоб-аҳлоқ қўмитасини ҳам ишга жалб қилди. Мазкур қўмита Илҳом Мўминжонов томонидан йўл қўйилган ҳамда касб этикасига тўғри келмайдиган бир қатор жараёнларни аниқлади. 

Жумладан, Мўминжонов Азиз Турғунбоевни 2018 йилги мавсумда ҳам “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилишга кўндиради. Бироқ кейинчалик ундан ўз манфаатлари йўлида фойдалана бошлайди. Бирламчи, Мўминжонов ўз шогирдини футбол агентлари билан таништиради. Яъни, Турғунбоев Мўминжоновнинг тавсиясига кўра Александр Митрофанов бошчилигидаги агентлар билан ҳамкорлик қила бошлайди. Митрофанов номидан битимни ўзбекистонлик Рустам Шоймардонов имзолайди. Суҳбат давомида Турғунбоев Митрофановни умуман танимаслигини, шартномани Шоймардонов билан тузганлигини айтди. Мўминжонов эса бу ҳақда Турғунбоевдан яхшироқ маълумотга эга. Бироқ асосий деталларга келганда, у кўп нарсадан бехабар эканлигини қайд этмоқда. Мазкур битимдан Мўминжонов моддий манфаат кўрганми ёки йўқ деган саволга мураббий рад жавобини берди. 

Иккинчидан, Мўминжонов ўзи бошчилик қилаётган “Навбаҳор” клубининг чемпионлик йўлидаги принципиал рақиби бўлган “Пахтакор” қарамоғига Турғунбоевни ўзи олиб боради. Бунда футболчи билан кўп йиллик эмас, бир йиллик шартнома тузилгани, энди эса футболчи янги жамоага эркин агент сифатида йўл олиши каби масалалар ётибди. Яъни, “Навбаҳор” ўз кашфиётининг ортидан ҳеч қандай молиявий фойда кўрмайди. Мўминжонов юқоридаги келишувдан қандайдир манфаат кўргани борасидаги саволга ҳам рад жавобини берди. Бироқ мураббий ўзи учун рақиб бўлган клуб манфаатларига нима учун хизмат қилиб юрганини изоҳлай олмади. 

Учинчидан, Мўминжонов “Навбаҳор”да футболчилар билан айнан ўзи ҳисоб-китоб қилгани аниқланди. Мураббийнинг асл вазифаси футболчиларнинг спорт формаси билан ишлаш бўлса-да, Мўминжонов клубда ҳисобчи ҳам бўлган ва ҳомийлар томонидан берилган маблағларни ўзи билганича тақсимлайверган. 

Этика қўмитасининг даъвосига кўра, юқоридагиларнинг барчаси одоб-аҳлоқ нормаларига тўғри келмайди. Ўзи пул топаётган клуб манфаатларига хизмат қилиш ўрнига, унинг ичида туриб бошқа клуб билан олди-бери қилишни афзал кўрадиган мураббий вақтинчалик бўлса-да футболдан четда юргани маъқул деб топилди ва Мўминжонов 1 йилга футболдан дисквалификация қилинди", - деб ёзилади ЎФА баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, "Сурхон" янги мавсумда Про-лигада иштирок этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
05/02/2019 15:57
Ярим йилдан кейин кайтариладими яна?
&
А.Н.Т
05/02/2019 14:52
Ана холос
Islom Esanov
05/02/2019 15:10
E rahmat endi bir murabiyga erishdi deganda shuni ham kup kurdi UFA rahbariyatni polniy uzgartirish kerak kiyin futbolimizda uzgarish bulishiga ishonaman ungacha yo hammasi pul ishliydi lekin boshqala ishlasa ular yomon asrlar bor xali futbol bulishiga Yurtimizda to munday UFA boshliqlari bular ekan rivojlanmaydi