Мана 2018 йил ҳам тобора ўз якунига етиб бормоқда. Ниҳоялаб бораётган ушбу йил ўзбек спорти учун ҳар қачонгидан ҳам салмоқли бўлди десак асло муболаға бўлмайди.

SPORTS.uz интернет-портали яна бир бор сиз азизларга 2018 йилда мамлакатимиз спорти оламида юз берган энг эсда қоларли воқеаларни ёдингизга солиб ўтади.

Похожее изображение

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Хитойда Осиё чемпионлигини қўлга киритди

Ўзбекистон тарихда илк бор 23 ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати ғолиби бўлди. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоамиз финалда Вьетнамни қўшимча таймларнинг охирги дақиқасида урилган гол эвазига 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди ва бош совринни қўлга киритди.

Ғалаба голини қўшимча таймлар тугашига 3 дақиқа қолганда заҳирадан майдонга туширилган Андрей Сидоров бурчакдан ошириб берилган тўпни дарвозага йўллаб киритди.

Финал ўйини куни стадионда тинимсиз қор ёғиб турганини ва шу сабабли ўйинни оқ либосда бошлаган йигитларимиз уни кўк рангли либосларда якунлаганликларини ҳамд унтмаган бўлсангиз керак.

Қаҳрамонларимиз гарчи ярим тунда юртимизга қайтиб келишган бўлишсада, минглаб ишқибозлар уларни кутиб олиш учун кўчаларга чиқишди. Уларнинг ҳар бирига Президентимиз томонидан “Малибу” автомобиллари совға қилинди.

Похожее изображение

Равшан Эрматов фаолиятидаги 3-жаҳон чемпионатида иштирок этди

Ўзбек футболи сўнгги пайтларда нафақат яхши футболчилар, балки юқори савиядаги ҳакамлар тайёрлаш бўйича ҳам ўз ўрнига эга бўлди. Равшан Эрматов номини тилга олинишининг ўзиёқ ўзбекистонлик ҳакамлар дунё футболида қандай ўринга эга эканлигини англатади.

ФИФА рефериси ҳисобланган ҳамюртимиз Равшан Эрматов ёзда Россия яшил майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ўйинларида ҳам иштирок этди. Эътиборлиси, бу Эрматов учун фаолиятидаги 3-мундиал бўлди. Боиси, у бундан аввал Жанубий Африка (2010) ва Бразилияда (2014) бўлиб ўтган жаҳон чемпионатларида ҳам ишлаган эди. Энг аҳамиятлиси, бунгача жаҳон чемпионатларид 9та ўйинда иштирок этиб рекорд ўрнатган ҳамюртимиз Россиядаги мундиалда яна 2та – Испания – Марокаш ҳамда Аргентина – Хорватия ўйинларини бошқарди ва умумий ҳисобда жаҳон чемпионатларида бошқарган ўйинлари сонини 11тага етказиб олди. Равшан Эрматов бу борада ўз рекордини янгилади.

Похожее изображение

Эктор Купер Ўзбекистон миллий терма жамоасида иш бошлади

6 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи расман таништирди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакат бош жамоасини ишониб топшириш мумкин бўлган мутахассис билан музокараларни якунлади. ЎФА расмийлари шартнома имзолаш мумкин бўлган 10 дан зиёд номзодлар орасидан аргентиналик Эктор Купер вариантида тўхталди.

Эктор Купер ўзбекистонлик футбол мухлислари учун яхши таниш. 62 ёшли мутахассис фаолияти давомида катта ҳажмдаги ишларни бажарган ҳамда футбол оламида ўз номига эга бўлиб улгурган. У 1996 йил Аргентинанинг “Ланус” жамоаси билан КОНМЕБОЛ Кубоги соҳиби бўлди. Бу муваффақияти унга Европа эшикларини очиб берди.

1998 йил Купер Испаниянинг “Мальорка” клубини мамлакат кубоги финалига қадар бошлаб келди, Испания Суперкубоги учун майдонга чиқди. Бир йил ўтиб “Мальорка” Эктор билан УЕФА Кубоги финалигача етиб келди.

Шу тариқа мураббий машҳур “Валенсия” клуби назарига тушди. Катта авлод футбол мухлисларимиз яхши эслашади. “Кўршапалаклар” 2000 ҳамда 2001 йилги мавсумларда Европа Чемпионлар Лигасининг финалигача етиб келиб, кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлишди. Бунда Купернинг роли анчагина катта эди. Чунки “Валенсия”нинг финалгача етиб бориши кўпчилик учун ўзига хос сюрприз бўлганди.

Кейинроқ Эктор Купер Италиянинг “Интер” ҳамда Грециянинг “Арис” жамоаларида яхши ишлади. Бунгача у 1999 йилда Испанияда, 2000 йилда эса Европада йилнинг энг яхши мураббийи деб топилганди.

Эктор Купернинг миллий терма жамоадаги юриши 2017 йилга тўғри келди. 2015 йил Миср бош жамоасини қабул қилиб олган Купер, орадан икки йўл ўтиб жамоасини Африка Миллатлар Кубоги финалига қадар бошлаб келди. Шунингдек, 28 йилдан буён мундиал чиптасини қўлга кирита олмаётган мисрликларни Россия—2018 сари бошлаб бора олди. Машҳур Муҳаммад Салоҳнинг мамлакат қаҳрамонига айланиши айнан Эктер Купер даврига тўғри келди.

Осиё ўйинларидаги энг яхши натижамиз қайд этилди

Жорий йил 18 августдан 2 сентябрга қадар Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарлари навбатдаги Осиё ўйинларига мезбонлик қилди. Эътиборлиси, бу сафарги мусобақа терма жамоамиз спортчилари учун жуда ҳам муваффақиятли бўлди. XVIII Осиё ўйинларига 331 нафар спортчи билан келган Ўзбекистон делегацияси 21та олтин, 24та кумуш ва 25та бронза, жами 70та медаль билан умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон шу вақтга қадар 6 та Осиё ўйинларида қатнашган. Медаль жамғариш бўйича Гуангжоу—2010 мусобақаси ўзбекистонлик спортчилар учун омадли келганди—жами 56 та медаль. Кўриб турганингиздек, медаллар сони бўйича Ўзбекистоннинг энг яхши натижаси янгиланди. Олтин медаль борасида шу кунгача Пусан—2002 мусобақаси пешқадам бўлиб турганди. Ўшанда ўзбекистонлик спортчилар ўз ҳисобларига 15 та олтин медални ёзиб қўйишган.

Параосиё ўйинларида умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгалладик

Хабарингиз бор Индонезиянинг Жакарта шаҳрида III ёзги Параосиё ўйинлари бўлиб ўтди. Мазкур ўйинлар ўзбекистонлик спортчилар учун ҳар қачонгидан ҳам муваффақиятли якунланди. Ўзбекистон спорт делегацияси мусобақада 54 нафар спортчи билан иштирок этиб, 77 та медаль билан қайтадиган бўлди. Уларнинг 35 таси олтин, 24 таси кумуш ва 18 таси бронза медалларидир. Мазкур ўйинлар Ўзбекистон учун Параосиё ўйинларидаги энг яхшиси сифатида тарихга кирди. Чунки, бунгача юртдошларимиз ушбу ўйинларда бу қадар кўп медаллар жамғара олишмаганди. Ортда қолаётган ўйинларда медаллар сифати бўйича ҳам, сони бўйича ҳам рекорд ўрнатилди.

Параосиё ўйинлари илк маротаба 2010 йил Гуанчжоуда бўлиб ўтган. Ўша мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 21 нафар спортчи билан иштирок этган. Якунда 6 та медаль қўлга киритилган (1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза).

Тўрт йил аввал Инчеон мезбонлик қилган Параосиё ўйинларида яққол юксалиш кўзга ташланган. Ўшанда юртимиз шарафини 27 нафар параатлет ҳимоя қилган. Якунда 31 та медалга эга чиққанмиз (22 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза).

Инчеондаги муваффақият орадан икки йил ўтиб Риодаги Паралимпия ўйинларида ҳам давом эттирилган. Ўшанда Ўзбекистон спорт делегацияси мусобақада 32 нафар спортчи билан иштирок этган ва 31 та медаль билан ватанимизга қайтиб келганди.

Жакартадаги Параосиё ўйинлари тугашига бир кун қолганида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ўз иштирокларини якунлаб бўлишди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, кучли ўнликка кирган жамоалар ўртасида энг кам спортчи билан айнан Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этган. Бу ҳам бизда сифатга асосий эътибор қаратилганидан далолат.

Медаллар жамғариш бўйича кучли ўнликка кирган мамлакатлар неча спортчи билан Параосиё ўйинларида иштирок этишди?

Хитой – 232
Жанубий Корея – 201
Эрон – 210
Япония – 303
Ўзбекистон – 54
Индонезия – 295
Таиланд – 237
Малайзия – 139
Ҳиндистон – 193
Гонконг – 100.

Марказий Осиё терма жамоалари қандай иштирок этишди?

Минтақамиз мамлакатлари ичида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон терма жамоалари спортчилари медаллар қўлга кирита олишди. Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон вакиллари ўйинлардан медалсиз ортга қайтиш арафасидалар. Демак, бу борада ҳам Ўзбекистон энг яхши кўрсаткичга эга.

5. Ўзбекистон (54 спортчи, 77 та медаль, 35 та олтин, 24 та кумуш, 18 та бронза)

13. Қозоғистон (91 спортчи, 33 та медаль, 5 та олтин, 15 та кумуш, 13 та бронза)

32. Туркманистон (5 спортчи, 1 та медаль, 1 та бронза)

Тожикистон (2 спортчи, 0 медаль)

Қирғизистон (5 спортчи, 0 медаль)

Афғонистон (24 спортчи, 0 медаль).

Қайд этиб ўтганимиздек, ортда қолган ўйинларда Ўзбекистон Параосиё ўйинларидаги энг яхши натижасини қайд этди. Умид қиламизки, икки йилдан сўнг Токио шаҳри мезбонлик қиладиган Паралимпия ўйинларида ушбу зафарли юриш давом эттирилади ва спортчиларимиз юртимиз байроғини юксакларга кўтарадилар.

АГМК ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубогини қўлга киритди

Фарғонанинг «Истиқлол» стадионида Ўзбекистон кубогининг финал учрашуви бўлиб ўтди. Ҳал қилувчи баҳсд Тошкентнинг «Пахтакор» ҳамда Олмалиқнинг АГМК жамоалари тўқнаш келишди.
 
Ўйинда олмалиқликлар ташаббусга эришишди ва якунда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Шу тариқа АГМК ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. Энди улар 2019 йилги мавсумда Осиё чемпионлар лигаси плей-офф босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Агар АГМК плей-оффдан муваффақиятли ўта олса, ОЧЛнинг гуруҳ босқичига йўл олади.
Картинки по запросу локомотив суперлига чемпиони sports.uz

“Локомотив” – Суперлига чемпиони

Бу йил Ўзбекистон профессионал лигаси мамлакат чемпионати форматини ўзгартирди ва унга Суперлига мақомини берди. Янги форматдаги мусобақа кўпчиликда илиқ тассурот қолдирди дейиш мумкин. Боиси, деярли ҳар бир учрашув кескин ва муросасиз курашларга бой ўтди.

“Пахтакор”, “Локомотив”, “Бунёдкор” ва “Навбаҳор” каби жамоалар ёрқин ўйинлар кўрсатишди ва ўз мухлисларини яна стадионларга қайтара олишди. Якунда эса чемпионлик “темирйўлчилар”га насиб этди.

Суперлиганинг 31-турида “Пахтакор” устидан қозонилган ғалаба “Локомотив”га муддатидан аввал чемпионликни тақдим этди.

PS: Умид қиламизки, Янги 2019 йил ҳам мамлакатимиз спорти учун муваффақиятли кечади. Йил бошида Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамиз Бирлашган Араб Амирликларида бўладиган Осиё кубогида иштирок этади. Миллионлаб ўзбекистонлик ишқибозлар таниқли мутахассис устозлигидаги йигитларимиздан бу сафар ҳар доимгидан ҳам каттароқ натижа кутишмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Anjanlik
31/12/2018 14:39
Menimcha ham Kuperni kegani yil voqeasi bo‘ldi o‘zbekistonda
&
darwesh
31/12/2018 11:29
Эктор Купер термага келиши биринчи уринга куярдим. Агар осие кубогида натижа курсатса, унга хайкал куйсак хам булади))))
&
King of World
01/01/2019 16:44
Kuperning kelishi yaxshi-yomonligini Osiyo chempionatidan keyin bilamiz
&
King of World
01/01/2019 16:43
Boksda ham ko‘plab muhim yangiliklar bo‘ldiku
&
darwesh
31/12/2018 11:26
Хайдаров жамоаси Осиёда чемпион булдику, лекин бу натижа футболимизда асосий деб хисобламайман.