Санъат Шихов: АГМКга ўтишимда Миржалол Қосимов катта роль ўйнади

АГМК клуби Миржалол Қосимов бошчилигида янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўришни бошлади. Биринчи навбатда таркибни кучайтириш масаласи ҳал этилмоқда ва бу борада қатор ўйинчилар билан музокаралар олиб бориляпти, айримлари билан эса келишувларга ҳам эришиляпти. Жамоанинг янги футболчиларидан бири Санъат Шихов. Ўтган йили «Бухоро»да тўп сурганди ва бу мавсумни «Навбаҳор»да ўтказиши ҳақида гап-сўзлар авж олганди. Бироқ футболчи «Навбаҳор»ни эмас, АГМКни танлашга қарор қилди. Унинг бундай йўл тутгани эса кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлиб туюлган бўлса ажаб эмас. 

- АГМК клубига ўтишим бошқалар учун кутилмаган бўлиши мумкин, аммо мен учун бундай эмас - дейди футболчи. - «Навбаҳор» билан бир қаторда менга АГМК жамоасидан ҳам таклиф бўлганди. Олдимда турган вариантларни яхшилаб ўйладим, ҳаммасини тошу-тарозига солиб, АГМКга ўтишга қарор қилдим. Оиламда ҳам кичик муаммо бўлганди, шунинг учун ҳам уларнинг олдида бўлишни хоҳладим. Бундан ташқари, Олмалиқ жамоасига ўтишимда Миржалол ака Қосимов катта роль ўйнади. Менга ишонч билдираётганини айтди. Натижада бу ҳол ОКМКга ўтишимга туртки берди. Насиб қилса, майдонда мураббийнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.

- Бунгача сизни «Навбаҳор» билан шартнома имзолаганингиз ҳақида ҳам хабарлар чиққанди. Аслида воқеалар ривожи қандай тус олганди?

- «Навбаҳор»дан ҳам яхши таклиф бўлганди, барча шарт-шароитлари жойида эди. Лекин мен Тошкентда оилам билан қолишни афзал кўрдим. Бу менга ҳар томонлама қулай. Намаганликлар билан ўртамизда фақат оғзаки келишув бўлганди. Ҳеч қандай шартномага қўл қўймагандим.

- Шу билан бирга сизнинг «Навбаҳор»да қолмаганингизга маҳаллий мухлисларнинг қаршилик кўрсатишгани ҳам сабаб сифатида кўрсатилганини эшитдим. Бу қанчалик рост?

- Мухлисларнинг умуман  алоқаси йўқ. Мен бундай гап-сўзларга эътибор бермайман. Лекин ҳали бормаган жойга бундай реакция кўрсатишганига ҳайрон қолдим. Профессионал футболчи мухлисларнинг майдон ташқарисида нималар деяётганига аҳамият қаратмайди.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
20/01/2019 23:41
Шихов термага мос уйинчи. Купер ака, эътибор беринг