Сергей Лушчан: Ўйинимиз қовушса, рақибларимизга қийин бўлади

 

ОЧЛ-2017 турнири "С" гуруҳи 4-туридан ўрин олган “Зоб-Аҳан” – “Бунёдкор” учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида “қалдирғочлар” иштирок этишди. Унда бош мураббий Сергей Лушчанга ҳимоячи Дилшодбек Аҳмадалиев хамроҳлик қилди.

- Исфаҳон шаҳрида яна бир бор бўлиб турганимдан хурсандман. Бу ердаги меҳмондўстлик учун катта раҳмат айтаман. Бевосита ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, эртага яхши ўйин бўлади, деб ўйлайман. Шогирдларимдан яхши ва муносиб ўйин кўрсатиб, мухлисларимизга хушкайфият улашишларини истардим, - деб гап бошлади Сергей Иванович.

- Гуруҳдаги вазиятидан келиб чиқиб айта оласизми, “Бунёдкор” эртанги баҳсда жамоангиз қандай тактикада тўп тепади?
- Биз гуруҳ фаворити эмаслигимизни яхши биламиз. Осиё Чемпионлар лигасининг “плей-офф” босқичидан муваффақиятли ўтиб, асосий тўрга чиққанимизнинг ўзи катта ютуқ бўлган. Уч йилдан буён янги таркиб тузаяпмиз. 2014 йилда жамоанинг келажак стратегияси ўзгариб, асосий эътиборни ўз футбол мактабимиз тарбияланувчиларига қаратганмиз. Шундай экан, мақсад сари босқичма-босқич, аста-секинлик билан интиляпмиз. Ҳозирги таркибимиз билан ички мусобақаларда муваффақият қозониш асосий мақсад қилиб белгиланган. Масалан, “заявка”дан ўтказган 45та футболчимизнинг атиги 6 нафар 25 ёшдан юқори бўлганлар. Жамоанинг ўртача ёши эса 20,2ни ташкил этмоқда. Бу йигитлар билан ишлашда давом этамиз ва ишонаманки халқаро майдондаги муваффақиятлар ҳам аста-секинлик билан келади.

- “Бунёдкор” Исфаҳонга бир қатор йўқотишлар билан келган...
- Ҳа, Жовлон Иброҳимов ва Алишер Саноев жароҳатлари боис Тошкентда қолишган. Вадим Чемиртан ўтган учрашувда қизил карточка олган ва эртага бизга ёрдам бера олмайди. Эронга 16та футболчи билан келганмиз: шуларнинг 2таси дарвозабон. Ўйлайманки, жароҳат олганларни ўрнини боса оладиган бошқа футболчиларимиз бор ва уларга ишонамиз.

- Эртанги баҳсдан қандай натижа кутаяпсиз?
- Мен таҳмин қилишни ёқтирмайман. Тошкентда кечган баҳсда ўйинимиз қовушмаган эди. Ўйлайманки, эртага футболчиларимиз ўзларининг энг яхши сифатларини намойиш этишади. Таркибимизда иқтидорли ёшлар кўп. Уларга барқарорлик етишмаяпти. Ишонаманки, ўйинимиз қовушса рақибларимизга қийин бўлади.

- Эртага бизни осон бўлмаган баҳс кутмоқда. Ютсак курашни давом эттирамиз. Шундай экан, ғалаба қозонишга ва мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз, - дейди Дилшодбек Аҳмадалиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!