Шер Мамазулунов TATNEFT кубоги турнирининг ярим финалига йўл олди
Россиянинг Қозон шаҳридаги “Татнефть Арена”да TATNEFT кубоги учун “TNA қоидалари бўйича жанглар”нинг чорак финал дастлабки босқич жанглари бўлиб ўтди.
Ярим финал йўлланмасини қўлга киритиш учун Дания, Испания, Молдавия, Голландия, Россия, Руминия ва Ўзбекистондан спортчилар рингга чиқишди. -70 кг, -80 кг ва +80 кг вазн тоифаларида иккитадан жами олтита жанг бўлиб ўтди.
Ўрта вазн тоифасида қизиқарли кечган жангларнинг бирида ўзбекистонлик Шер Мамазулунов ва россиялик Александр Дмитренко ўзаро беллашди. Унда Шер очколар бўйича рақибидан устун келди.
Эслатиб ўтамиз, бу икки спортчи 2016 йил ўтазилган “TNA қоидалари бўйича жанглар”нинг ҳам 1/4 финалида тўқнаш келишган. Ўшанда Дмитренко ғалаба қозонган, аммо ўтган йили Мамазулунов чемпионлик камарини қўлга киритди. У финалда Дмитрий Менишиковни мағлуб қилган эди.
Энди Мамазулунов ярим финалда муай тай ва кикбоксинг бўйича кўп карра Испания чемпиони Виктор Монфорт ва молдовалик Константин Рус жуфтлиги ғолиби билан куч синашади.
Маълумот учун: “TATNEFT кубоги учун TNA қоидалари бўйича жанглар” – аралаш жанг санъатлари: киокушинкай, муай-тай ва кикбоксингдир. Турнир қатъий тасдиқланган қоидалар асосида ўтказилади. 3 вазн тоифасида (-70 кг, -80 кг ва +80 кг) 48 спортчи иштирок этади. Кураш мавсуми 1/8 финал, 1/4 финал, ярим финал ва финалдан иборат. TNA бош соврини – чемпионлик камари, нефть вишкаси кўринишидаги кубок, пул мукофотига эга бўлиш учун қатнашчилар барча босқичларда зафар қучишлари керак бўлади. Ғалаба нокдаун ёки нокаутдан сўнг ёки тўртинчи қўшимча раунд якунлари бўйича аниқланади.
Фикрлар