Шота Арвеладзе "Пахтакор"нинг муаммоси нимада эканлигини айтиб ўтди
Pepsi Суперлига 10-туридан ўрин олган "Қўқон-1912"га қарши учрашувдан сўнг "Пахтакор" бош мураббийи беллашув хусусида фикрларини билдирди. Бу ҳақда пойтахт клуби матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Қийин ўйин бўлди. Учрашувдан аввал футболчиларга ҳам бу тўғрисида айтгандик. Рақиб кам тўп ўтказмоқда. Улар атиги тўрт гол қўйиб юборишганди. Улар иштирокидаги учрашувларда кўп голлар бўлмаяпти. Жамоа ҳимояда жуда тартибли ўйнайди. Ўйинни ўзимиз истагандек бошламадик. Тўп ўтказгач, ўзимизга келдик ва имкониятларга эга бўлдик. Ҳисобни тенглаштирдик, яна қулай вазиятларга эга бўлгандик.
Чемпионатда учрашувлар қийин ўтмоқда. Ҳар бир беллашувга жиддий тайёрланиш лозим. Биринчи бўлиш осон эмаслигини биламиз. Кўпроқ рақиб майдонида фаол ўйнашга интиляпмиз. Ҳужумларни якунлаш ва сўнгги узатмани амалга оширишда муаммоларга эгамиз.
Андреевни асосий таркибга қайтгани билан табриклайман. Оғир жароҳатдан сўнг узоқ муддатли тикланиш жараёнида фаол ишлади. Бу унинг меҳнатлари самарасидир", - деб айтиб ўтди грузиялик мутахассис.

Фикрлар