Спортчиларимизни Осиё ўйинларига кузатиш маросими ва янги спорт экипировкалари тақдимоти бўлиб ўтди
Бугун, 7 август куни Миллий олимпия қўмитаси биносида ушбу мусобақада иштирок этадиган спортчиларимизни расмий кузатиш маросими ташкил этилди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон Республикаси Президент девони масъул ходими Зафар Бакиев, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, етакчи спортчиларимиз, спорт федерациялари вакиллари ва оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этишди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
“Ўзбекистон спорт делегацияси муҳим мусобақа остонасида турибди. Яна бир неча кундан сўнг Индонезияда XVIII Осиё ўйинлари старт олади. Яқинлашиб келаётган мусобақа биз учун тарихий аҳамият касб этади. Чунки, миллий спортимиз – Кураш айнан ушбу Осиё ўйинларидан бошлаб мусобақа дастурига киритилди. Бу ўзбек спортининг навбатдаги ютуғи бўлди десак муболаға бўлмайди.
Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича улкан ҳажмда иш олиб борилди. Етарли шароитлар яратиб берилди. Шуни унутмангки, ортингизда халқимиз ва Президентимиз турибдилар. Бор маҳоратингизни кўрсатиб, ўзбек ёшлари нималарга қодир эканликларини намойиш этинг. Ишонаманки, мусобақа ҳар доимгидан ҳам омадли бўлади. Ой бориб, медаллар шодаси билан қайтинглар”, – деди Азиз Абдуҳакимов.
Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳам сўзга чиқиб, спортчиларимизга омад тилади.
“Осиё ўйинларида қатнашадиган спортчиларга омад тилаймиз. Шахсан Президентимиз сизлардан муваффақиятли иштирок кутмоқдалар. Жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимига яқинда тайинландим. Шахсан танишишга вақтим бўлмади. Насиб қилса, қайтиб келганингиздан сўнг учрашамиз, бафуржа суҳбатлашамиз. Ўйинларда барчага омад тилайман. Осиё ўйинларида медалларимиз кўп бўлсин. Ёруғ ёз билан кутиб олайлик”, – деди Дилмурод Набиев.
Шундан сўнг Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов Ўзбекистон спорт делегацияси учун эксклюзив тарзда ишлаб чиқарилган спорт либослари ҳақида гапирди.
“Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясига чет эл компаниялари томонидан қизиқиш бу даражада бўлади деб ўйламагандик. Спорт экипировкалари бўйича чет эл компаниялари бизга таклиф билан чиқишди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Хитойнинг «QIERTE Co. Ltd» компанияси томонидан PRES-JOG бренди остидаги спорт либосларини танлади. Экипировкаларни танлашда Индонезиянинг субтропик иқлими, у ернинг ёмғирли об-ҳавоси ҳисобга олинди. Умид қиламанки, ушбу либослар биз учун омадли бўлади”, – деди Жасур Матчанов.
Фикрлар