Тошкентда "Ice City" лойиҳаси ишга туширилди
Пойтахтимизда янги «Ice City» мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, лойиҳа таъсисчилари ва бошқа фахрий меҳмонлар иштирок этишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси расмий сайти хабар бермоқда.
Қиш тароватини бағишловчи ушбу янги мажмуа ҳақидаги маълумотларни сиз билан ўртоқлашмоқчимиз.
Йилнинг исталган вақтида қиш
16 000 кв.м майдонда қад ростлаган ушбу «шаҳарча»да қор ўйнаш, сноубордда учиш ва хоккей ўйнаш мумкин. Муз саройида мухлислар учун алоҳида трибуна ҳам ташкил этилган. Ҳудудда +18 даража илиқлик ушлаб турилади.
Хоккей энди янада яқинроқ
Сиз муз устида ўзингизни фигурали учувчи ёки хоккейчи сифатида тасаввур қилишингиз мумкин. Ёритувчи мосламалар, қулайлик ва трибуналарнинг борлиги бу ерда мусобақалар ташкил қилиш имкониятини ҳам беради. Янги муз майдони замонавий ўзбек хоккейи тарихидаги яна бир муҳим воқеликка мезбонлик қилди. Рамзий тугмани босиш орқали хоккей бўйича 2019 йилги Ўзбекистон чемпионатига қанча вақт қолганини кўрсатувчи тескари ҳисоб бошланди. Ушбу тадбирда МОҚ вице-президенти Аҳмаджон Раҳимов, Ўзбекистон хоккей федерацияси бош котиби Шукрулло Маҳмудов ва спорт федерациялари вакиллари қатнашишди. Шундан сўнг музда ёш хоккейчилар иштирокида кўргазмали чиқиш намойиш этилди. Кейин эса «Бинокор» ва «Тошкент», шунингдек, «Ҳумо» ва «Семурғ» жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди.
8 февраль куни «Ice City» мажмуасида старт оладиган мусобақа ҳақида хоккей федерациясининг Ўзбекистон чемпионатини ташкил этиш департаменти директори Владимир Иванович Сторонкин гапириб берди.
«8 февраль куни бошланадиган Ўзбекистон чемпионатида пойтахтимизнинг тўртта жамоаси иштирок этади: «Бинокор», «Тошкент», «Ҳумо» ва «Семурғ». Мусобақа 17 ва ундан катта ёшдаги хоккейчилар ўртасида ўтказилади. Барча ўйинлар «Ice City» мажмуасида ташкил қилинади.
Чемпионат давомида 24 та учрашув бўлиб ўтади. Баҳслар 17 март куни ниҳоясига етади. 20 мартдан бошлаб эса плей-офф учрашувлари бошланади. Унда жамоалар учта ғалабагача кураш олиб борадилар. Шуни қайд этиш лозимки, ушбу муз аренаси айни пайтда мамлакатимизда барча халқаро стандартларга жавоб берадиган (дарвоза, ўлчамлар, ёритиш тизими ва кийим алмаштириш хонаси) биринчи ва ягона мажмуа ҳисобланади. Биз бундан жуда хурсандмиз. Агар ушбу арена бўлмаганида биз чемпионат бошланишини ва «Ҳумо» муз аренаси битишини яна кутиб қолардик», – деди мутахассис.
Фикрлар