Улуғбек Бақоев: Футболда натижага таъсир кўрсатувчи омиллар кўп
Кучли олтиликка кириб олган “Бухоро” клубининг мағлубиятлар сериясига тушиб қолганини яхши билсангиз керак. Устига-устак жамоанинг молиявий тарафдан муаммолари борлиги ҳам ҳақиқат. Бундай пайтда бош мураббий Улуғбек Бақоевга ҳам осон тутиб бўлмайди. Лекин жамоанинг натижалари пасайиб боряпти. Биз эса бош мураббий билан мавжуд масалалар хусусида суҳбатлашдик.
- Сизнинг мураббийлик ишингиз яхши бошланганди. Аммо охирги пайтларга келиб қўл остингиздаги “Бухоро” мағлубиятлар гирдобига тушиб қолди. Кўпчилик эса жамоанинг муваффақиятсизлигида молиявий томондан муаммолар сабаб бўлаётгани ҳақида айтишяпти. Аввало мазкур масалага муносабатингизни билдириб ўтсангиз?
- Ҳар бир клубда иш тартиб билан амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир. Бундай маҳалда натижаларга эътибор қаратиш керак эмас. Бошқарувимдаги клуб қайд этаётган қониқарсиз натижаларнинг асосий сабаби шогирдларимнинг руҳияти билан боғлиқ. Албатта, жамоадаги умумий муҳит, натижаларнинг кўнгилдагидек чиқмаётгани уларнинг руҳий ўрага тушиб қолишига сабаб бўлган. Бундай пайтда вазиятдан чиқиб кетиш осон бўлмайди. Айниқса, устма-уст мағлубиятлар қайд этилаётган маҳалда футболчиларнинг кайфияти ҳавас қилса арзийдиган кўринишдан анча йироқда бўлади. Умид қиламанки, молиявий муаммоларга қарамай, бундан кейин яхши натижалар билан мухлисларимизни хурсанд қила оламиз.
- Вазият шундай даражага етиб борганки, молиявий қийинчиликлар сабабли футболчлар ҳаттоки машғулотга чиқишдан ҳам бош тортишган. Бундай вазиятда жамоани бошқариш сизга катта муаммо туғдирмаяптими?
- Ҳар бир киши ўз ишига жавоб бермоғи даркор. Бу гап жумладан футболчиларга ҳам тегишлидир, улар профессионаллар. Машғулот чоғида умуман бошқача – ижобий муҳит юзага келади. Ўйин бошланган маҳалда эса бунинг тамоман аксига тез-тез гувоҳ бўлишимга тўғри келяпти. Шу сабаб машғулотлар жараёнини ҳам ўзгартиришга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, бугунги машғулотни тренажёр залидан бошладик. Асосийси, ҳар бир шогирдим ўзидан талаб қилинган вазифаларни бажаришга ҳаракат қиляпти. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ишга бу тариқа ёндашиш албатта ижобий самарасни бермасдан қўймайди.
- Айни пайтга келиб мавжуд муаммо борасида ижобий ўзгаришлар борми?
- Молиявий масала ҳақида сўрамоқчи бўлсангиз, яхшиси раҳбариятга мурожаат қилишингизга тўғри келади. Мен мураббий сифатида иш жараёни, машғулот ва ўйинлар натижасига жавоб бераман. Шуни биламанки, вазиятни яхши томонга ўзгартириш учун “Бухоро”да иш бошлаб юборилган.
- Умуман олганда, “Бухоро”нинг пули йўқлиги ҳақида ташқаридан ҳам турли гап-сўзлар билдирилаётгани бор гап. Бундай ҳолатлар жамоангизга ва шахсан сизга таъсир кўрсатмайдими?
- Ростини айтсам, кўпинча 2016 йили қўлга киритилган 4-ўрин ҳақидаги гапларни эшитишимга тўғри келади. Шунингдек, “Бухоро”нинг олдинги тарихини ҳам эслатиб туришни истовчилар етарлича учрайди. Адашмасам, жамоанинг олдинги номи “Нурафшон” бўлган, шундайми?
- Ҳа.
- Адашмасам, “Нурафшон” ўз вақтида кумуш медалга эга чиққан. Агар хотирам панд бермаётган бўлса, бу воқеа 1994 йили юз берганди. Ҳақиқий тарих шу. 4-ўрин қўлга киритилгани ҳақидаги гап-сўзлар фақат кишининг ғашини келтиради холос. 2016 йилги 4-ўриндан сўнг клубнинг ўйинчилар ва ходимлардан қарзлари қолган ва ҳозиргача маошларидан бўлган қарзлар тўла адо этилмаган. 2016 йилги ойлик маошлар ва бошқа-бошқа қарзлар ҳалигача тўлаб бориляпти. Жамоанинг икки йилдан бери қарзларни тўлаш билан овора бўлаётган пайтда ишни қандай йўлга қўйиш мумкин? Бу ҳам “Бухоро”даги муаммоларнинг асосий сабабларидан биридир. Ўйинчилар шартномаларида кўрсатилган ҳақларини вақтида олишмас экан, бу ҳолат уларнинг руҳиятига акс таъсир ўтказмасдан қўймайди. 4-ўрин қўлга киритилган пайтда жамоада бўлмаганман ва ўшандаги молиявий муаммолардан мутлақо бехабарман. Табиийки, ўша кезлардаги ишларга менинг ҳеч қандай алоқам йўқ. Клубда иш бошлаганимдан бери “Бухоро” икки бор кучли олтиликдан жой олди. Бунда биринчи навбатда мураббийлар штаби вакилларининг хизмати катта. Бундай таққослашлар билан ўзимизни оқламоқчи эмасмиз. 2016 йил тарихга айланган.
- Олдингизга қўйилган дастлабки вазифани бажариб, рақобат кучли бўлишига қарамай, жамоани кучли олтиликка олиб чиқдингиз. Лекин молиявий муаммолар хоҳлаймизми-йўқми, барибир жамоанинг ўйинига ва натижаларига таъсир кўрсатмасдан қолмайди ва айни чоғда ушбу жараённи бошингиздан ўтказяпсиз. Эндиликда эса “Бухоро”нинг кучли олтиликка кириб олганидан кейин мағлубиятлар ўрасига тушиб қолгани боис бирор-бир мақсад учун курашмаётгани борасида ҳам танқидлар бўляпти...
- Ҳар бир футболчи унинг молиявий талаби қондириляптими ёки йўқми, бундан қатъий назар майдонга чиққанидан кейин зиммасидаги вазифани яхши адо этиш ҳақида ўйламоғи керак. Ахир футболчилар ўз ишининг ҳақиқий профессионалларидир. Мағлубиятлардан кейин унинг сабабларини қидиришни ва буни қандайдир баҳоналар билан ёпишга ҳаракат қилишни оқламайман. Шунчаки, мағлубиятлар серияси туфайли боя айтганимдек, ўйинчиларимиз руҳий ўрага тушиб қолганлар. Футболда натижага таъсир этадиган омиллар жуда кўп. Баъзида омадингиз чопади, гоҳида умуман ишларингиз юришмай қолади. Шунинг учун ҳам клубдаги молиявий ҳолатни барча омадсизликларнинг асосий сабаби сифатида тилга олавериш ҳам нотўғри, назаримда. Жамоадаги ҳолатдан қониқмаганларга жавоб бердик. Умид қиламанки, кейинги учрашувларда натижаларимиз ижобий кўриниш ҳосил қилади.
- Бир сўз билан айтганда, жамоанинг ҳозирги вазият мураббий сифатида кейинги режаларингизга ўзгартиришлар киритмайдими?
- Футболда шундай ёзилмаган қоида бор: ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади. Натижалар салбий кўриниш олганига қарамасдан йўлимизда давом этишимиз керак. Мағлубиятлардан керакли сабоқни чиқара олсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Биласизми, ҳатто салбий натижалар ҳам кутилган турткини бериши мумкин. Мухлисларимизга сабр-тоқат тилайман. Улар бундан кейин ҳам биздан юз ўгирмай қўллаб-қувватлашда давом этсалар “Бухоро”нинг қора кунларидан чиқиб кетиши осон бўлади.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар