Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон МТЖ либоси ҳақида: Кимлардир орзу қилаётган ўзгача дизайн албатта бўлади
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Kun.uz сайтига берган интервьюси давомида кўпчиликнинг кескин танқидларига сабаб бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё кубогида фойдаланадиган либослари масаласида ўз фикрини билдириб ўтди.
— Танқид бўлгани яхши. Аммо биз ҳам терма жамоага сифатсиз либос кийдириб қўймаймиз. Фақат ташқи кўринишга баҳо бермай, келишсин, ушлаб кўришсин, кийиб кўришсин ва баҳо беришсин. Аввалги ҳомий билан солиштириш учун ҳам имконият бўлади.
Ҳа, дизайни соддагина. Бироқ бундан нега уялиш керак, агар либоснинг ўзи сифатли бўлса?! Марк Цукерберг ҳам оддий кийимларда юради, бироқ ақли, пули ҳақида гап кетганида биз уни ерга ура оламизми? 1994 йилда терма жамоамиз Осиё ўйинларига биттагина либосда кетиб, чемпионликни қўлга киритганди. Футболчилар терма либосини кийишни орзу қилади, унинг ҳар қандай матосида ҳам жонини бериб ўйнайди, ватан шаъни турибди-ку? Билмаганлар эса кўрганига ишониб гапираверади. Бугунга келиб ҳукумат ҳеч бир спортчини кимдандир кам қилаётгани йўқ. Осиё ўйинларига бордик, бошқа мусобақаларда қатнашдик, бирортасида ҳам ҳеч кимдан кам жойимиз бўлмади. Бундан кейин ҳам бўлмайди. Бунинг учун давлатимизга ва унинг раҳбарига алоҳида ташаккур айтаман.
Кимлардир орзу қилаётган ўзгача дизайн эса албатта бўлади. Шу вақтгача айтган ишларимизни қилиб келяпмиз, бундан кейин ҳам шунга ҳаракат қиламиз. Машҳур хорижлик мураббий келишига ишонмаганлар Куперни кутиб олганидек, бугун формат ёки формадан норози бўлаётганлар ўша махсус дизайнли формани ҳам кўришади. Фақат сабр керак озгина.
Фикрлар