Умид Аҳмаджонов Суперлигадаги тажрибалар, кейинги мавсум учун режалар ва клубларнинг хусусийлаштирилиши ҳақида
— Футболимиздаги энг катта камчиликлардан бири клубларнинг маълум бир ҳомий-ташкилот ёки ҳокимиятларга қарамлиги ҳисобланади. Кўпчилик клубларнинг ҳатто стадиони ҳам ўзиники эмас. Клубларни хусусийлаштириш учун ҳаракат қилиб кўрилса бўлмайдими? Ахир бизда ҳам футболни яхши кўрадиган пулдор мухлислар оз эмас. Биз ҳам худди Европада бўлгани каби клуб акцияларини сотиб олишни, клуб президентлиги учун сайловларда қатнашишни хоҳлаймиз. Тасаввур қилинг, бизда ҳам президентликка бир нечта номзод бўлса ва ҳар бири «Мени сайласанглар, мана бу футболчини олиб келаман, мен сайласанглар, мана бундай ишлар қиламан», деб сайлов дастурларини эълон қилса. Шундай омон-омон даврларга эришиш имконини берадиган клубларни хусусийлаштириш учун ЎФА қандай ишларни амалга ошириши мумкин?
— Жуда зўр таклиф. Лицензиялаш талаблари босқичма-босқич шунга олиб боради. ПФЛ истаётган масала ҳам аслида шу. Бироқ айни ҳолатда ўша ҳомий-ташкилотлар молиялаштиришни тўхтатса, футбол бирданига орқага кетиб қолади. Шунинг учун ҳам давлат пул бераётганида стадион, академия, базани қуриб олмайсанми, деб куюниб ётибмиз. Сиз айтаётган тадбиркорлар яхши клубларга асос солиши мумкин, бироқ бошланишига ўша клублар «Пахтакор» ёки «Локомотив»дек жамоалар билан кураша олмайди. Вақт керак ҳаммасига. Лицензиялаш талаби 2019 йилда фақат ва фақат қуриш ишларига зўр бўлади. Вақти келиб сиз айтган яхши кунлар келганида, клублар ҳомийсиз қолганида ҳеч бўлмаса майдони, базаси, академияси бўлиши учун. Ҳозирча эса «Насаф»дан сўрашингиз мумкин, ўз стадионига эга клубнинг харажатлари қанчалик катта бўлишини, клублар йиллар давомида бунга тайёргарлик кўрмагани учун, энди масъулиятдан қочишни одат қилиб олган. Лицензиялаш талаби барибир ҳамма клубларни биринчи галда «Насаф»га яқинлаштиради, кейин эса уларни сиз айтганингиздек акционерлик жамиятларига айлантиради.
— Кўпчилик мухлислар бошқа спорт федерацияларининг раҳбарларини таниш уёқда турсин, ўша федерациялар қаерда жойлашганини ҳам билишмайди. Лекин футбол федерацияси (эндиликда ассоциацияси) миллионлар диққат марказида бўладиган ташкилот. Ташкилотнинг сиздан олдинги раҳбари Мираброр Усмонов доимий танқид қилиб келинган. Сиз ҳам бу лавозимга келганингиздан сўнг кескин танқидлар ёмғири остида қолиб кетишингизни, энг оммабоп спорт раҳбари бўлиш осон эмаслигини билганмидингиз? Ўзингиз ҳақингиздаги танқидларга қандай қарайсиз?
— Мен танқидни тўғри тушунаман ва ҳатто бу танқид нотўғри бўлса ҳам, табиий ҳол деб қарайман. Турган гапки, бу вазифа менга юклатилганида, бунинг остида нақадар катта юк турганини, жумладан, мухлисларнинг, журналистларнинг танқидий сўзлари янграши мумкинлигини ҳам билганман ва бунга тайёр ҳолда келганман. Лекин халқимизда бир яхши мақол бор: «Ўйчи ўйига етгунча, таваккалчи ишини битказибди». Кимдир бу ишни бажариши, маломатлар тагида қолса ҳам, янгиликлар билан кириб келиш лозим эди. Давр шунақа ҳозир. Унинг аёвсиз талаблари бор. Шундай шиддатли жараёнда курашлар остида мақсадга етсангиз, ғолиблик нашидаси янада ширин туюлади.
— Сизнингча, бу йилги мавсумда ҳакамлик даражаси қандай бўлди?
— Суперлигада аввалги мавсумларники билан солиштирганда яхшироқ бўлди. Улар билганларича иш қилишларига йўл қўймасликка ҳаракат қилдик. Бироқ Про-лигадаги ҳакамлик савиясини сезиларли даражада кўтармасак бўлмайди. Бунинг учун энг яхши восита телетрансляциялар сонини ошириш. Чунки Суперлигадаги ҳакамлик масаласи ҳам шу сабаб аввалгиларига қараганда анча эпақага келиб қолди. Назар бўлиши керак-да ҳамма жойда. «Спорт» телеканали бу йил катта ҳажмдаги ишларни бажарди, осон бўлмади. Умид қиламанки, келаси мавсумда ҳам ҳамжиҳатликда катта ишларни амалга оширамиз.
— Осиё ўйинларида 70та медал қўлга киритилгани билан бу натижани жуда юксак натижа деб бўлмайди. Биринчидан, турнирда 42 спорт турида медаллар ўйналгани ҳолда ўзбекистонликлар 30 спорт тури бўйича иштирок этишди. Шундан фақат 19та спорт турида медал олинди. Шундан фақат 12 спорт турида 21та олтин медал. Иккинчидан, медаллар асосан яккалик баҳсларда қўлга киритилган. Фақат 7та медал – 5та кумуш ва 2та бронза жамоавий баҳсларда олинган. Олтин йўқ. Кумуш ва бронзаларнинг 4таси академик эшкак эшишда, 2таси байдарка ва каноэда эшкак эшишда, битта бронза бадиий гимнастикада. Яъни, жамоавий спорт турларида жуда паст натижалар қайд этилган. Бу кўрсаткичларни яхшилаш учун нималар қилинади?
— Жуда юксак натижа эмас, дейсизми? Ахир, терма жамоамиз рекорди янгиланган куни, умумжамоалар ўртасида Эрондан ўзиб кетганимизда, халқимиз қай тарзда қабул қилганини кўрмадингизми? Лекин фикрингизда жон бор, биз бирданига ҳамма спорт турларини бир кунда ривожлантириб қўя олмаймиз, бунга миллат менталитети, халқимизнинг ўша спорт турига бўлган муносабати ва спорт турларига турлича шароит лозимлиги сабаб бўлади. Ўйлайманки, шу кетишда ишласак, натижа бермаган турлар бўйича ҳам медаллар учун кураш олиб борамиз. Катта шаҳарлар ҳам бир кунда қурилмаганку…
— Маълумки, Олимпия ўйинларида ва Осиё ўйинларида сузиш спортида бир спортчининг ўзи бир нечта медал олиши мумкин. Осиё ўйинларида кучли учликда бўлган Хитой, Япония ва Жанубий Корея ҳам кўп медалларни сузиш спорт турида жамғаришди. Масалан, биринчи ўринни эгаллаган Хитой сузиш бўйича 50та медал олди (19та олтин, 17та кумуш ва 14та бронза). Япония эса бу спорт турида энг кўп медалга эгалик қилди – 52та (19та олтин, 20та кумуш ва 13та бронза). Япониялик сузувчи Рикако Экее 8та медал (6та олтин, 2та кумуш) олди, хитойлик сузувчи Жиаю Ху 5та олтин медални ўзиники қилди. Яна бир хитойлик сузувчи 6та медал (4та олтин, 2та кумуш) эгаси бўлди. Спортчилар ўртасида энг кўп медал жамғариш рейтингининг дастлабки олти поғонаси айнан сузувчиларга тегишли бўлди. Ўзбекистон бу спорт турида битта ҳам медал олмади.
Сузиш спортини ривожлантиришга жиддийроқ эътибор қаратиш керакмасмикин?
— Бу ҳам юқоридаги саволингиз каби ўз шароити, жуғрофий ҳолати ва халқ томонидан суйилиши лозим бўлган жиҳатларга боғлиқ.
Тан олайлик, юқоридаги мамлакатлар ҳозирги натижалари йўлида узоқ йиллар ишлашган ва бир яхлит тизим ишлаб чиқилгач, бугунги кўрсаткичларга етишишди. Биз эса, бу масалаларни тезлик билан ҳал қилишимиз имконсиз, ўз вақти билан етиб ҳам келамиз. Лекин боя айтганимдек, шу зайлда ишласак, сузиш бўйича олиб борилаётган ишларимиз самарасини ҳам яқин йилларда кўрасиз, Худо хоҳласа…
Фикрлар