"Uzbek Tigers" янги мавсумда WSB чемпионлиги учун курашади
WSB турнирининг IX мавсуми октябрь ойида старт олади. «Uzbek Tigers» жамоасининг янги мавсумда мусобақада иштирок этмаслиги ҳақидаги миш-мишлар расман рад этилди. Бокчиларимиз мухлисларни янги ғалабалар ва ажойиб натижалар билан хурсанд қилиш, шунингдек, Токио 2020 Олимпиадаси лицензияларини қўлга киритиш учун қўлдан келган барча ишни қиладилар. Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтига берган интервьюсида «Uzbek Tigers» мазкур мусобақада ғолиб бўла олиши ҳақида гапирди.
«WSB мусобақасида иштирок этадиган «Uzbek Tigers» жамоаси маъмуриятининг янгиланиши натижаларни яхшилашга бўлган масъулиятни оширади. Федерациянинг биринчи галдаги вазифаси боксимиз муваффақиятининг давомий бўлишини таъминлашдир. WSB турниридаги муваффақиятли иштирок ҳам бизнинг асосий йўналишларимиздан бири ҳисобланади. «Uzbek Tigers» ғалаба қозонишни билади ва буни исботлай олган жамоа. Ишонамизки, яқин орада боксчиларимиз либосида WSB ғолибларининг юлдузчаси пайдо бўлади. Халқимизнинг жамоага бўлган ишончи ва меҳри бокчиларимизнинг ғалабаси учун ҳақиқий мотивация вазифасини бажаради», – деди Сакен Полатов.
Жамоанинг бош менежери Абдуллоҳ Сагдиев эса боксчиларимиз жанговар кайфиятда эканлигини қайд этди, шунингдек, у қўллаб-қувватлов учун мухлисларга миннатдорчилик билдирди.
«Жамоа ва WSB турниридаги иштирок мен учун Ўзбекистон бокс федерациясидаги фаолиятимнинг масъулиятли вазифаларидан бири ҳисобланади. Биз боксчиларимизнинг ғалаба қозона олишларини ва бунинг учун уларда барча нарса борлигини биламиз. Федерациянинг янги раҳбарияти жамоа мураббийлар штабини кучайтириш, моддий-техник базасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани катта аҳамиятга эга. Биз масъуллар жамоамизнинг ғалабаси учун бор куч, билим ва тажрибамизни ишга соламиз. Вақтни бой бермай, бугуноқ тайёргарликка киришишимиз лозим. Мавсум октябрь ойида бошланади. Йигитлар айни пайтда жанговар кайфиятда. Мухлисларимизга раҳмат. Шак шубҳа йўқки, биз ишончни оқлаймиз», – деди Абдуллоҳ Сагдиев.
Фикрлар