Ёш мерганлар Андижонда беллашувларга киришди
Спортнинг техник ва амалий турларига мамлакатимиз ёшларини қизиқтириш, айниқса Олимпия оиласига кирувчи спорт турлари бўйича энг иқтидорли, умидли ёшларни аниқлаб Осиё чемпионатлари, Осиё ва Параосиё ўйинлари сингари нуфузли турнирларга йўналтириш мақсадида Республика техник ва амалий спорт турлари маркази томонидан ҳам йиллик спорт тадбирлари тақвими ишлаб чиқилган.
Андижонда пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича бошланган ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақалари ҳам оммавий спорт тарғиботи тадбирлари сирасига киради. Мусобақаларнинг очилиш маросимида спорт турининг ёшлар саломатлигида, маънавий-маърифий дунёқарашининг, интелектуал салоҳиятининг ўсишида катта ўрин тутиши ҳақида сўз борди.
– Олдимиздага асосий мақсад Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги III ёзги Олимпиада ўйинлари ва Индонезиянинг Жакарта ва Плембанг шаҳарларида ўтадиган XVIII ёзги Осиё ва Параосиё ўйинларида муносиб иштирок этадиган спортчиларни саралаб олиш ҳамда уларни муносиб тайёргарлик олиб боришлари учун тайёргарлик кўришдан иборат, – дейди Республика техник ва амалий спорт турлари маркази бош директори Шарифжон Мўминжонов.
Республика техник ва амалий спорт турлари маркази ҳамда Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган мусобақада 100 дан ортиқ ёш спортчилар Ўзбекистон кубогининг иккинчи босқичи ғолиблиги учун мерганлик салоҳиятларини намойиш этишмоқда.
Бугун қизлар ўртасида пневматик милтиқдан 10 метрлик масофадаги нишонга ўқ узиш бўйича ВП6 машқлари бўйича баҳслар бўлиб ўтмоқда.
Фикрлар