Зайнаб Пардабоева ўқ отиш бўйича Ўзбекистон кубогида биринчи ўринни қўлга киритди

Андижонда спортнинг ўқ отиш тури бўйича Ўзбекистон кубогининг иккинчи  босқич баҳслари давом этмоқда. Дастурдан ўрин олган пневматик милтиқдан 10 метрлик масофадаги нишонга ўқ узиш бўйича ўтган ВП6 машқларида ғолиблик учун кескин кураш андижонлик Муштарий Тожиматова, фарғоналик Марина Меркулова, сурхондарёлик Наталия Сластён, пойтахт вилояти вакилалари Зайнаб Пардабоева ҳамда Шахноза Турғуновалар ўртасида кечди.

Айниқса дастлабки ўқ узишларда рақибаларидан кам очко тўплаган андижонлик Робияхон Миркомилованинг якунда кучли тўртлика киргани, Шахноза Турғунованинг кучли учлик учун муносиб маҳорати мутахассислар томонидан эътироф этилди.

Якунда ғолиблик учун курашда 229 очко тўплаган Тошкент вилояти вакиласи Зайнаб Пардабоева биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин эса Наталия Слостёнга насиб этди. У 227 очко жамғарди.

- Ўзбекистон кубогида ғолиблик учун кураш жуда қизғин кечмоқда. Кичик хато етакчи номини ўзгартириб юбориши мумкин. Бу дастлабки кунги баҳслардаёқ ўз исботини топди. Бундан беш-олти йил илгари мусобақа ярмида ким биринчи ўринни олиши мумкинлиги ойдинлашарди. Энди эса нишонга энг сўнгги ўқ отилишини кутяпмиз, - дейди мусобақа бош ҳаками Шокир Набиев.

Ўзбекистон кубогининг иккинчи босқичи давом этмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!