Шомуродов энди Финляндияда ўйнайди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари – Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев янги мавсумни бошқалардан анча аввал бошлаб юборди. “Истанбул Башакшеҳир” УЕФАнинг учинчи мусобақаси – Конференциялар лигасида иштирок этаётгани боис, легионерларимиз жаҳон чемпионатидан кейин яна расмий ўйинларда қатнаша бошлади.
Турк клуби халқаро турнирдаги илк учрашувини бир ҳафта муқаддам ўз майдонида ўтказиб, Финляндиянинг “Интер Турку” жамоаси билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Энди “Башакшеҳир” 30 июль куни рақиб мезбонлигида ўтадиган жавоб учрашувида муваффақиятли иштирок этиб, кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қилади.
Турку шаҳридаги “Веритас” стадионида бўлиб ўтади баҳсни бельгиялик ҳакам Натан Вербоомен бошқариши белгиланган. Биринчи учрашувда кучлар тенг келгани боис, жавоб ўйинининг асосий ва қўшимча вақтларида дуранг ҳисоб сақланиб қолса, ғолиб жамоа пенальтилар сериясида аниқланади.
Бу босқичдан муваффақиятли ўтган жамоа кейинги раундда Лихтенштейннинг “Вадуц” ҳамда Андорранинг”Атлетик Эскальдес” клублари ўртасидаги жуфтлик ғолибига қарши майдонга тушади. Биринчи учрашувда “Вадуц” ўз майдонида 4:0 ҳисобида ғалаба қозонгани боис, айнан лихтенштейнликларнинг кейинги босқичга чиқиш имконияти юқори баҳоланяпти.
“Башакшеҳир”нинг етакчиларидан ивуарлик ҳимоячиси Кристофер Опери дисквалификация муддати тугагани сабабли мазкур учрашувда иштирок этиши мумкин.
Туркия клуби бош мураббийи Нури Шахин УЕФАга Конференциялар лигасига жалб қилинадиган футболчилар рўйхатини тақдим этди. Таркиб қуйидагича кўриниш олди.
Дарвозабонлар: Волкан Бабажан, Муҳаммад Шенгезер, Дениз Дилмен.
Ҳимоячилар: Жером Опоку, Онур Булут, Ҳамза Гюрелер, Кристофер Опери, Эмин Байрам, Усейну Ба, Михал Карбовник, Ўмер Али Шоҳинер.
Ярим ҳимоячилар: Берат Ўздемир, Онур Эргюн, Оливье Кемен, Аббосбек Файзуллаев, Беркай Ўзжан, Умут Гюнеш, Гювен Аталай.
Ҳужумчилар: Юсуф Сари, Давие Зельке, Нуно Да Кошта, Элдор Шомуродов, Иван Брнич, Бертуғ Йилдирим.
Бўлажак учрашув истанбулликлар учун 2015/2016 йилги мавсумдан буён Европа мусобақалари – Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигасидаги 70-баҳс бўлади. Бунгача 69 та учрашув ўтказган “Башакшеҳир”, 26 та ғалаба, 18 та дуранг ва 25 та мағлубият қайд этган.
Ушбу учрашувларда жамоа 103 та гол урган ва ўз дарвозасидан 96 та тўп ўтказиб юборган.
Шомуродовни машҳур клубда кўришмоқчи! Элдор ҳар қандай жамоани кучайтиради
Яхши бор, Ҳусанов! “Сити” Абдуқодирни кузатиб қўйди!
“Манчестер Сити”: Ҳусанов бу ишни қилганда нега бутун стадион “Хууууус!” деб ҳайқиради?

Фикрлар