Возинья янги жамоасида бошқа ном билан ўйнайди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

2026 йилги жаҳон чемпионатининг қаҳрамони Возинья янги жамоа топган эди. У Чилининг «Коло‑Коло» клуби билан шартнома тузди. Аммо тажрибали голкипер янги жамоасида брендга айланиб улгурган Возинья номидан фойдалана олмайди. 

Чили футбол ассоциацияси қоидалари сабаб клубда шу тахаллуси остида майдонга тушишига йўл қўйилмайди. Амалдаги регламентга кўра, футболка орқа қисмида фақат расмий ҳужжатларда кўрсатилган фамилия ёзилиши мумкин. Африка қитъасидан келган посбоннинг тўлиқ исми — Хосимар Хосе Эвора Диас, шу боис у «Диас» ёки «Эвора Диас» вариантларидан бирини танлаши керак. Бу ҳақда Globo нашри хабар берди.

Манба маълумотича, ушбу қарор ҳам футболчи, ҳам клуб учун кутилмаган ва ёқимсиз янгилик бўлди. «Коло‑Коло» раҳбарияти Возинья номи туширилган футболкалар савдоси орқали қўшимча даромад олишни режалаштираётган эди. 

Кабо‑Верде терма жамоаси посбони жаҳон чемпионатидаги ёрқин ўйинлари орқали мухлислар эътиборини қозонганди.

Возинья 2026 йилги жаҳон чемпионатида тўрт учрашувда майдонга тушди, уларнинг иккитасини дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда якунлади. «Коло‑Коло»га ўтишидан олдин унинг сўнгги клуби Португалиянинг иккинчи дивизионда иштирок этувчи «Шавиш» жамоаси бўлган. Ўтган мавсумда 40 ёшли дарвозабон барча мусобақалар доирасида 19 ўйинда қатнашиб, уларнинг олтитасида рақибларга гол уриш имконини бермади. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, тажрибали посбоннинг бозор қиймати 500 минг еврони ташкил этади.

Кабо‑Верде терма жамоаси тарихида илк бор жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этди. Африка жамоаси мусобақани 1/16 финалда тўхтатди — ушбу босқичда улар Аргентинага 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!