А Серия ўйини вақтида "Интер" мухлиси уч бармоғидан айрилди
А Серия доирасидаги ўйин вақтида "Кремонезе" дарвозабони Эмиль Аудерога портловчи пиротехника воситасини отган "Интер" мухлиси пиротехника портлаши оқибатида қўлидаги уч бармоғидан айрилди. Бу ҳақда Gazzetta dello Sport хабар бермоқда.
23-тур учрашуви якшанба куни "Кремонезе" майдонида бўлиб ўтди ва меҳмонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Иккинчи тайм бошида миланлик мухлислардан бири майдонга портловчи буюм отди. У Аудерога яқин жойда портлади.
Дарвозабон газонга йиқилди ва учрашув дарҳол тўхтатилди. Шифокорлар унда сон қисмида кесилиш ва ўнг қулоғида шовқин борлигини аниқлади, аммо Аудеро ўйинни давом эттира олди.
Маълум қилинишича, петарда портлаши оқибатида мухлис уч бармоғидан айрилган ва шифохонага етказилган. Кейинчалик у стадионда тартибсизликлар уюштирганлик гумони билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳибсга олинди.
Ушбу ҳодиса сабабли "Интер" катта миқдорда жаримага тортилиши мумкин, шунингдек жамоанинг уй стадионидаги фанатлар сектори вақтинча ёпилиши эҳтимолдан холи эмас.
Фикрлар