Аброр Исмоилов: "Неймарга таблони кўрсатдим"
Хабарингиз бор, айни пайтда миллий чемпионатимизда мавсумлар оралиғидаги танаффус пайти. Бошқа жамоалар қатори “Навбаҳор” футболчилари ҳам ҳордиқ чиқаришмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, “лочинлар”нинг 25 ёшли маҳоратли ярим ҳимоячиси Аброрбек Исмоилов билан суҳбат уюштирдик.
Маҳоратли футболчи якунланган мавсумда жамоамиз таркибида Coca Cola Суперлигаcида 22 та ўйинда майдонга тушиб, 1444 дақиқа ҳаракатланиб, 2 та гол уриб, 1 та голга ассистентлик қилди.
Шунингдек, у Ўзбекистон Кубоги ва Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) баҳсларида ҳам жамоамиз шарафини муносиб равишда ҳимоя қилди.
Қуйида Аброрбек Исмоилов билан уюштирилган интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
–Аброрбек, айни пайтда нималар билан машғулсиз?
–Аввало ассалому алайкум! Ҳозирда дам оляпман. Оиламиз даврасида якунланган мавсумдаги чарчоқларни чиқаряпман.
– “Навбаҳор”даги илк мавсум сиз учун қандай кечди?
– Жамоадаги дастлабки мавсум зўр ўтди, дея оламан. Аммо олдимизга қўйилган мақсад, яъни, чемпионликка эришолмадик. Бу тарафдан олиб қараганда, жавобим у қадар ижобий эмас.
– Сизнингча, “Навбаҳор” нега Суперлига чемпионлиги ёки Ўзбекистон Кубогини қўлга кирита олмади?
– Биласизми, бизда ҳамма нарса етарли эди. Клуб раҳбарияти бизга барча шароитларни яратиб беришди. Таркиб ҳам шунга яраша кучли эди. Ҳаракат қилдик, аммо ўхшамади. Биз режа қилаверар эканмиз, аммо банданинг эмас, Аллоҳнинг айтгани бўлар экан.
– “Навбаҳор”га таркибига қўшилиб, футболчи сифатида ўсишга эришдим, деб хисоблайсизми?
– Албатта, ўсишга эришдим, дея оламан. Боиси, ОЧЛда ўйнадим, терма жамоадан чақирув олдим. Менимча, шу фактларнинг ўзиёқ, “Навбаҳор”да ўсишга эришдим, дейишимга сабаб бўла олса керак.
– ОЧЛ гуруҳ босқичининг 1-туридан ўрин олган, сафарда “Ал-Ҳилол” (Саудия Арабистони) билан кечган баҳсда жаҳон футболи юлдузларидан бири, бразилиялик машҳур ҳужумчи Неймар сизга нисбатан кўп бора қўпол ҳаракатлар қилди ва бу жуда кўп шов-шувларга сабаб бўлди. Аслида ўшанда майдонда Неймар билан ўртангизда нималар содир бўлган эди?
– Бу ўйиндаги оддий ҳолат ҳамда бундай савиядаги баҳсларда бундай эмоциялар бўлиб туради. Биз эса ҳар қандай футболчи, ҳатто, у юлдуз бўлса ҳам майдонда жанг қилишга тайёрмиз (кулади).
– Лекин нега айнан Неймар сиз билан кўп вазиятда мунозарага киришди? Ҳатто майдонни тарк этаётганингизда сизга нималардир деди...
– Неймарнинг жамоамизга жиддий хавф туғдириши аниқ эди. Унинг қандай савиядаги футболчи эканлиги, салоҳиятини яхши биласиз. Шу боис, Неймарга нисбатан икки ҳисса шижоат билан ҳаракат қилдик. Бу унга ёқмади, чоғи, менга мухлислар зангори экран орқали гувоҳ бўлишганидек, муносабатда бўлди. Тўғри айтдингиз, захирага олинаётган вақтимда, Неймар келиб, ўзининг тилида бир нималар деди. Мен эса унга ҳеч нарса демадимда, таблони кўрсатдим. Чунки майдонни тарк этаётганимда, жамоамиз 1:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Шу жойи жуда мароқли бўлди, Унга таблони кўрсатсам, ғазабланиб, ўз тилида бир нималар деди (кулади).
– Биринчи мавсумдаёқ “Навбаҳор” мухлисларининг ёқимтойига айландингиз. Наманганда меҳр қозониш бироз қийин дейишади. Лекин сиз ишқибозлар қалбидан жой олдингиз. Бу борадаги таассуротлар қандай?
– “Навбаҳор” таркибига ўтаётганимда қандай жамоага кетаётганимни ва бу ерда қийинлигини билардим. Шунинг учун ҳам мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этишга ҳаракат қилдим. Худога шукр, ўйиним ишқибозларга манзур бўлди ва бундан жудаям хурсандман. Шундай мухлислари бор жамоада ўйнаш мен учун фахр хамда шараф. Мен “Навбаҳор” мухлислари билан фахрланаман. Фурсатдан фойдаланиб, уларга катта раҳмат айтаман ва ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мамнуният билан шуни айтаманки, наманганликлар юртимизда биринчи рақамли мухлислардир.
–Янги мавсумда ҳам “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қиласизми?
–Жамоа билан амалдаги шартномам бор. Шу боис, “Навбаҳор”дан кетиш ҳақида ўйламадим. Билишимча, клуб раҳбарияти ҳам мен билан хайрлашиш борасида ўйлашмаган. Воқеалар ривожи шу йўсинда давом этса, албатта келаси мавсумда ҳам “Навбаҳор”да ўйнайман.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар