Адесанья- Перрейра реванш жангида ким ғалаба қозонади? Ўзбек ММА олами вакиллари жавоб берди
Хабарингиз бор, 9 апрель тонгида “UFC 287” турнири ташкил этилади. Марказий жанг ўрта вазн тоифаси чемпионлиги учун амалдаги чемпион Алекс Перрейра ва собиқ камар соҳиби Исраэль Адесанья ўртасидаги реваншдан иборат.
Биз ҳар доимгидек, ушбу жанг борасидаги ўзбек ММА олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.
Жаҳонгир Қорабоев-мураббий
- Бу жанг олдингисидан кўра, анчагина фарқ қилса керак. Сабаби, аввалги тўқнашувда Адесанья ўзига кўпроқ ишониб юборганди. Бу сафар техник ва тактик томондан Адесанья яхши тайёрланганлиги аниқ. Шундай экан, бу гал унда имконият юқорироқ. Сабаби, у энди рақибига ҳурмат билан ёндошади.
Нозимжон Тўйчиев – Ўзбекистон ММА асоциацияси Андижон вилояти бўлими мутасаддиси
- Реванш жангида барчаси ҳал бўлади, деган фикрдаман. Яъни, Алекс яна ғалаба қозонади ва Адесанья билан буткул масаласини ҳал қилиб олади. Алекс Адесаньяни бир неча бор мағлуб қилган ва у билади, уни қандай услубда мағлуб этишни. Имконият бу гал ҳам бразилиялик жангчида юқори, деб биламан. Адесаньянинг кучли жиҳати “стойка” эканлигини барчага аён. Перрейра эса бу борада ундан устун. Шундай экан, жанг ғолиби Алекс Перрейра бўлади. Албатта, бу менинг шахсий фикрим.
Мирзоҳид Атабоев – мураббий, кикбоксинг бўйича икки карра жаҳон чемпиони
- Ҳар иккиси меҳнаткаш , ўзини устида қаттиқ ишлайдиган жангчилар. Бу сафар Адесанья ҳаяжонини енга олса, чидамлилигини оширган бўлса, ғалаба у томонда бўлади. Лекин Перрейра ҳам анойи эмас, унда чидам юқори, октагонга кўтаринки кайфиятда чиқади. Бир сўз билан айтганда, унда ўзига хос ҳарактер мавжуд. Чунки, унда Адесанья устидан қозонилган бир нечта ғалабаси бор. Қолаверса, Адесанья ислом динини қабул қилган, айнан ушбу омил ҳам унга мухлислик қилишимга сабаб бўлади. Перрейра ютишини хоҳлардим.
Фарруҳ Мадаминов - мураббий
- Тўғриси, Адесаньянинг жанг олиб бориш услуби менга жуда мақул келади. Унинг ғалаба қозониши имконияти юқорироқ. Чунки, аввалги жангдан тўғри хулоса чиқарганига ишонаман. Машғулотларида ҳам кўрдикки, у курашга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Шунинг учун бу галги жанг сценарийси бошқароқ кўриниш олиши мумкин. Аввалги жангда ҳам кураш борасида Адесаньяда устунлик бор эканлигига гувоҳ бўлдик. Гарчи, Адесаньяга нисбатан бу бироз ноодатийроқ услуб бўлса-да... Имкониятларни 55/45 деб баҳолаган бўлардим. Адесанья фойдасига!
Ҳумоюн Ибрагимов – ММА жангчиси
- Менга Исраэль Адесаньянинг жанг қилиш услуби ёқади. Ўйлайманки, бу сафар Перрейрага қарши тўғри тактика билан ҳаракат қилади. 1-жангида Перрейра нокдаун бўлганида бонг қутқариб қолганди. Назаримда, бу сафар Адесанья кучларини тенг тақсимлаган ҳолда жанг қилади.
Ҳумоюн Маҳкамов – ММА жангчиси
- Ҳар иккиси “стойка”да жуда кучли саналади. Адесанья биринчи сафарги мағлубиятидан керакли хулосани қилган ва “партер”даги назоратни кўпроқ амалга оширса керак. Сабаби, “стойка”да Перрейрани мағлуб этиш қийинлигини аввалги жангларида ҳам кўрди. Бу сафар Адесаньядан бошқачароқ тактикадаги жангни кўрсак керак. Умуман олганда имкониятларни 50/50 дея баҳолаган бўлардим.
Жавоҳир Абдуғаниев –ММА жангчиси
- Яна бир қизиқарли тўқнашувни гувоҳи бўламиз. Ҳар иккиси томошабоп жанг қиладиганлар сарасига киради. Бироқ, зарба кучи борасида Перрейра устунроқ ва бу ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин. Негадир, Перрейра Адесанья учун мутлақо ноқулай рақиб... Бу сафар ҳам Перрейра ғалаба қозонса керак.
Фикрлар