Африканинг энг яхши учинчи жамоаси ҳисобланган — “карфаген бургутлари” билан танишамиз
ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.
Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир бор эслатиб ўтиб кетамиз.
Мундиал стартига 17 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "С" гуруҳининг cўнгги вакили Тунис орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.
Жамоа ҳақида
Тунис футбол федерацияси (FTF). Лақаби — “карфаген бургутлари”.
Ташкил топган йил: 1959 йил (ФИФАга 1960 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Жалол Кадри
Жамоа сардори: Яссин Шихауи
Илк расмий учрашуви: Тунис – Жазоир 2:1 (1957)
Энг йирик ғалаба: Тунис – Того 7:0 (2000)
Энг йирик мағлубият: Венгрия – Тунис 10:1 (1960)
Тунис терма жамоаси айни пайт ФИФА рейтингида 30-ўринни эгаллаб турибди. Уларнгнинг энг яхши натижаси эса 14-поғона ҳисобланади. Рейтингдаги 64-ўрин эса тунисликлар учун энг ёмон натижа бўлиб турибди.
Тунис терма жамоаси жаҳон чемпионатида 5 марта иштирок этган, бироқ Африка қитъаси жамоаси гуруҳ босқичидан сўнг мунтазам равишда турнирни тарк этган. Эҳтимол, "карфаген бургутлари" учун энг муваффақиятли деб 1978 йил Аргентинада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатини айтиш мумкин. Боиси, ўшанда улар турнирда дебютини амалга оширган. Гуруҳ босқичида Тунис терма жамоаси Германия, Мексика ва Польша билан тўқнаш келди. Турнир дебютантлари биринчи турди мексикаликларга қарши майдонга тушиб, иродали ғалабани қўлга киритди (3:1). Мексика терма жамоаси танаффус олдидан ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимда Шетали Абделмажид шогирдлари уч бор рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлишган.
Иродали дебютантлар мухлисларни ҳайратда қолдиришда давом этди. Поляклар билан учрашув Африка жамоасининг минимал мағлубияти (0:1) билан якунланди ва охирги турда Тунис ўша пайтдаги дунёнинг энг яхши жамоаси – Германия билан ажойиб ўйин кўрсатди ва якунда дуранг ўйнашди (0:0). Гуруҳ босқичи якунига кўра, Тунис термаси плей-офф йўлланмасига эга чиқа олмади, бироқ улар жаҳон чемпионатидаги илк иштироки орқали мухлислар ёдида қолди.
"Карфаген бургутлари"нинг жаҳон чемпионатидаги навбатдаги иштироки 20 йилдан кейин 1998 йилги мундиалда содир бўлди. Франция майдонларида, шунингдек, 2002 ва 2006 йиллардаги ЖЧ Тунис учун муваффақиятсиз якунланди. Улар кетма-кет учта жаҳон чемпионатида ғалабасиз серия қайд этишди ва гуруҳда 3-4 ўринларни эгаллаган ҳолда мусобақа билан хайрлашишди.
2010 ва 2014 йилларда Тунис саралашдан ўта олмагани учун жаҳон чемпионатларини ўтказиб юборди. Аммо Африка жамоаси тўрт йил олдинги жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқа олишди. Ҳа, Тунис яна Бельгия, Англия ва Панама каби терма жамоалар бўлган квартетдан нимчорак финалга чиқа олмади, аммо жаҳон чемпионати тарихидаги иккинчи ғалабасини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Принципиал жиҳатдан ҳеч нарсани ҳал қилмаган сўнгги турда “карфаген бургутлари” Панама терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этишди.
Турниргача босиб ўтган йўли
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тунис терма жамоаси Африка қитъаси саралашининг иккинчи босқичидан юришини бошлаганди. ФИФА рейтинги бўйича қитъанинг энг яхши 26 та терма жамоаси қаторида бўлган Тунис ва биринчи босқичнинг яна 14 нафар ғолиби мундиал учун курашни бошлаган. Қуръа натижасига кўра, “карфаген бургутлари”нинг гуруҳ босқичидаги рақиблари Экваториал Гвинея, Замбия ва Мавритания каби жамоа бўлди.
4 та жамоадан иборат 10 та гуруҳ ва тўртликдагилар орасидан фақат биринчи ўринни қўлга киритганларгина плей-оффда ўйнаш имкониятини эга бўлишади. Тунис терма жамоаси ушбу босқични муваффақиятли якунлади ва 13 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Тунисликлар учун гуруҳдаги асосий рақиб Экваториал Гвинея бўлди. Охирги тур олдидан ҳар икки жамоанинг очколари тенг (10 тадан) бўлган ва ҳал қилувчи 6-ўйинда якуний босқич йўлланмаси ўйналиши керак эди. Натижада тунисликлар ўз майдонида Замбияни 3:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Экваториал Гвинея сафарда Мавритания билан дуранг ўйнади (1:1) ва ЖЧ чиптаси учун курашда “карфаген бургутлари”га имкониятни бой берди.
Африка қитъасида плей-офф босқичи жуда оддий кўриниш олган. 10 та гуруҳ ғолиблари 5 жуфтликка бўлинган ҳолда иккитадан ўйин ўйнади. Ғолиблар эса Қатарга берилган бешта йўлланмага эга чиқишади. Туниснинг рақиби Мали бўлди. Жаҳон чемпионатининг финал қисмига даъвогар бўлган икки жамоанинг ўйинлари кескин курашларга бой бўлди. Қарама-қаршилик натижасини ягона гол, тўғрироғи, биринчи ўйиннинг 37-дақиқасида малилик ҳимоячи Сиссаконинг автоголи ҳал қилди. Тунисликлар меҳмонда ғалаба қозонишди (1:0), ўз уйида эса нурсиз дуранг (0:0) ўйнаб, керакли ҳисобни сақлаб қолишга муваффақ бўлди ва шу тариқа ўз тарихида олтинчи маратоба жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Таркиб
Африка қитъасидан ташқарида ўйнайдиган тунислик футболчилар кўп эмас, лекин улар сафида мунтазам равишда Европа жамоалари шарафини ҳимоя қиладиганлари бор. Бундай клублар қаторида Лига 1дан “Монпелье”, “Клермон” ва “Лорьен”, Германиянинг “Кёлн”, Италиянинг “Салернитана”, Будапештнинг “Ференцварош” клубларини учратиш мумкин. Тунис олий лигаси вакили "Эсперанс" мамлакатдаги энг титулли клуб ҳисобланади. Миллий чемпионатнинг 25 карра ғолиби қаторида "Этуаль дю Сахель", "Клуб Африкан" ва "Монастир" каби жамоалар аъзоларини ҳам "карфаген бургутлари" сафида учратиш мумкин.
Энг яхшилар
Тунис терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар Франциянинг “Ланс” клуби собиқ ҳужумчиси Иссам Жема ҳисобланади. Терма жамоа сафида 84 та ўйин ўтказган ҳужумчи 37 та гол урган. Энг яхши тўпурар мақомига эга бўлишига қарамай, Жема Тунис терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионатларида иштирок этмаган. Тунислик ҳужумчи учун энг йирик халқаро турнир 2005 йилги Конфедерациялар кубоги бўлиб, ўйинчи гуруҳ босқичида битта учрашув ўтказган. 2016 йилда Жема футболчилик фаолиятини расман якунлади.
Тунис терма жамоасида ўтказилган ўйинлар сони бўйича рекорд ҳимоячи Радхи Жайдига тегишли (105 ўйин). Англиянинг “Болтон”, “Бирмингем” ва “Саутгемптон” клубларининг собиқ футболчиси 2002 ва 2006 йилларда иккита жаҳон чемпионатларида иштирок этган ва ЖЧ-2006 1-турида Саудия Арабистонига қарши ўйинда (1:1) гол урган. Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг, Жайди ўзини мураббийликда синаб кўрди, "Саутгемптон" ёшлар жамоасини, шунингдек, Американинг "Хартфорд Атлетик"нинг асосий жамоасини бошқарди. Айни дамда 47 ёшли Радхи футболчилик фаолиятининг асосий қисмини бағишлаган клуб – “Эсперанс”ни бошқармоқда.
ФИФА рейтингида Тунис 30-ўринни эгаллаб турибди ва бу кўрсаткич бўйича Африканинг Сенегал ва Марокашдан кейинги энг кучли учинчи жамоаси. Тунис терма жамоаси футболчиларининг умумий нархи Қатардаги жаҳон чемпионатининг барча иштирокчилари орасидаги энг паст кўрсаткичлардан бири - 65,85 миллион евро (Transfermarkt).
ЖЧ-2022даги тақвими
22 ноябрь. Тунис — Дания
26 ноябрь. Тунис — Австралия
30 ноябрь. Тунис — Франция
Фикрлар