Афсуски, пенальтилар сериясида имкониятни бой бердик. Ўйин тафсилотлари
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги чорак финалида Қатар билан куч синашди.
Жамоалар учрашувни жуда эҳтиёткорликка асосланган ҳолда бошлади. Лекин мезбонлар 11-дақиқада илк хавфли вазият содир этишди. Марказдан ошириб берилган тўпни Акра Афиф зарба билан якунлади. Яхшиямки Ўткир Юсупов ишончли ҳаракат қилиб тўпни эгаллаб олди.
27-дақиқада ўнг қанотдан бошланган ҳужум гол билан якунланди. Ҳимоячиларимиздан ўтган қатарлик футболчи шеригига тўпни узатаётганда Ўткир Юсупов кутилмаганда ўз дарвозасига киритиб юборди.
31-дақиқада Остон Ўрунов қаршисидаги рақибларини чалғитиб Отабек Шукуровга пас берди. Шукуров тепган тўпни тўрга киришни истамади.
36-дақиқада Остон Ўрунов чап қанотдан ёриб кириб, очиқ турган Турғунбоевга пас берди. У эса деярли бўш қолган дарвозани ишғол қила олмади. Тўрироғи ҳимоячи тўп йўлига оёғини қўйиб қолди.
Биринчи тайм охирларида стандартдан оширилган тўпни қизил либосдаги футболчи боши билан Юсупов қўриқлаётган дарвозага йўналтирди. Ўткир муқаррар голдан жамоасини сақлаб қолди.
Шу заҳоти ҳамюртларимиз қарши - ҳужумга чиқиб кетишди. Остон жарима майдонига кириб берган зарбаси тўғри дарвозабоннинг қўлига бориб тушди.
Қатарликлар қанча ҳийла найранг қилса ҳам ҳакам бизнинг зараримизга қарор чиқаришда давом этди. Чунки чемпионат Қатарда ўтмоқда.
Иккинчи таймнинг бошида Аббосбек Файзуллаев қанотдан тезкорлик билан ўтиб кетаётганда рақиб дарвозабони уни йиқитди. Ҳакам бу вазият учун посбонни сариқ карточка билан сийлади холос. Шу стандартнинг ўзидан Машарипов дарвозани ишғол қилишига бир баҳия қолди.
55-дақиқада прессинг эвазига олиб қўйилган тўпни Жалолиддин Машарипов узоқ масофадан дарвозага тепди. Бироз ноаниқ.
Орадан кўп ўтмай Отабек Шукуров шундай кучли зарба йўллади. Омад келмаса қийин экан.
Шунча ҳаракатлар самара берди. Одил Ҳамробеков жарима майдонига кириб гол урди. Эътиборлиси, Ҳамробеков боши билан Остонга пас берган, Ўрунов унга йўл очиб, гол уришига замин яратди.
Иккинчи бўлим ўрталарида Остон Ўрунов ўрнига Шаҳбоз Умаров майдонга тушди.
Учрашув анча эҳтиёткор ўтди. Беллашувнинг асосий вақтига 12 дақиқа қўшиб берилди. Охирги дақиқаларда Акрам Афиф ва Шаҳбоз Умаровда биттадан вазият бўлди. Аммо ҳисоб ўзгармади. Натижада ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди.
Экстра таймнинг биринчисини қатарликлар анча шиддат билан бошлашди. Илк хавфли вазият ҳам айнан улар томонидан содир этилди.
Шунча йўқотишлар етмаганидек, жарима майдони ичида рақиб футболчиси Фарруҳ Сайфиевнинг оёғига зарба берди. Натижада у ҳам жароҳат олиб майдонни тарк этди. Унинг ўрнига Зафармурод Абдураҳматов туширилди. Кейинроқ эса Муҳаммадқодир Ҳамролиев Азизбек Турғунбоевни алмаштирди. Аббосбек Файзуллаев ўрнига Ҳожимат Эркинов майдонга тушди.
117-дақиқада Алмоаз Али ўзига ўзи вазият яратиб, жарима майдонига кириб борди ва зарба берди. Бахтимизга у тепган тўп дарвозанинг ёнидан тўрга тегди.
Икки жамоадаги ўзгаришлар натижага таъсир ўтказмади. Якунда пенальтилар сериясига мурожаат қилинди. Пенальтиларда эса омад Қатарга кулиб боқди. Биз эса чорак финалда тўхтадик.
Фикрлар