"Агар бу сафар ҳам ғалаба қозона олмасак..." ёхуд "Сурхон" етакчиси собиқ жамоасига қарши ўйин ва ким ўзбек футболида из қолдирмоқчилиги ҳақида

Термизнинг “Сурхон” клуби ниҳоят 7-турга келиб, Суперлигадаги илк ғалабасини қўлга киритди. “Қўқон-1912” жамоаси билан ўтказилган муҳим учрашувда “Сурхон” клуби ягона гол эвазига ғалаба қозонди.

Биласиз, унгача термизликлар ҳисобида чемпионат баҳсларида ҳали ғалаба мавжуд эмасди. Аммо “Сурхон” ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди ва мухлисларини хурсанд қила олди. Жамоанинг қўқонликларга қарши беллашуви “Сурхон” аъзолари учун муҳим эди.

Айниқса, “Қўқон-1912”да тўп сурган собиқ футболчилар ҳозир Термиз клуби шарафини ҳимоя қиляпти. Масалан, тажрибали ҳимоячи Бобур Акбаровни айтишимиз мумкин. “Сурхон”нинг етакчиларидан бирига айланган футболчи ўзининг собиқ жамоасига қарши учрашувда ҳам фаол ўйин намойиш қилди.

“Финалга чиққандек чиқдик”

- Бу кунни узоқ кутдик. Учрашув осон бўлмасди. Шунга яраша жиддий тайёргарлик кўрдик. Бугун финалга чиққандек чиқиб, бор кучимизни ишга солиб, ғалаба қозонишга қаттиқ бел боғлагандик. Худога шукр, ниятимизга эришдик. Бунинг учун барча жамоа аъзоларини ва “Сурхон” мухлисларини табриклайман.

акбаров4_1

“Ушбу ғалабани узоқ кутдик”

- Футбол жамоавий ўйин ҳисобланади. Бунда бир-икки кишини айблаб бўлмайди. Тўғри, ютқазган ёки дуранг қайд этган учрашувларимизда ҳам бизда голли имкониятлар кўпроқ бўлганди. Балки ўша вазиятлардан фойдаланишда омад  етишмагандир. Ёки футболчиларга совуққонлик камлик қилган бўлиши мумкин. Ҳозир айтганимдек, биз ушбу ғалабани узоқ кутдик. Учрашувда мақсадимизга эришганимиздан хурсандман. Жамоамизга битта ғалаба керак эди. Мана, муваффақиятли ўйинни ҳам бошлаб олдик ва давомли бўлишини истаб қоламан. Бундан кейин ҳам мухлисларимизни ғалабалар билан қувонтиришга интиламиз ва бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

акбаров_4

“Пахтакор”га қарши ҳам бор имкониятимизни ишга соламиз”

- Ҳа, охирги икки йилни “Қўқон-1912” жамоасида ўтказдим. Бу клубда яхши дўстларим, акаларим ва укаларим бор. Бу – футбол. Кўп жамоаларда тўп сурганман. Ҳаммаси ўзимизнинг меҳнатимиз самараси, деб ўйлайман. Қаерга борсам ҳам таниш-билишлар, дўстларга қарши тўп суришимга ҳам тўғри келиб қолади. Ўзингиз ҳам биласиз, футболда қаерда бўлсангиз, бор эътиборни ўша жамоага қаратасиз. Чунки ўша клуб аъзосига айландикми, унинг шарафини муносиб ҳимоя қилишимизга тўғри келади. Фақат жамоамиз учун ўйнаймиз. Юқорида қўқонликларга қарши жиддий тайёргарлик кўрганимиз ҳақида бежиз айтмадим. Агар бугун ҳам ютолмасак, кейинги ўйинлар бундан ҳам мураккаб кечиши аниқ эди. Масалан, кейинги сафар “Пахтакор” билан ўйнаймиз. Биз биламиз, жамоамизни бундан ҳам қийин учрашувлар кутиб турибди. Бу ғалабадан руҳланиб “Пахтакор”га қарши баҳсда ҳам бор имконияимизга ишга соламиз ва очко олишга ҳаракат қиламиз.

акбаров8

“Лопес ўзбек футболи тарихига киришни хоҳламоқда”

- Ўйлайманки, Анхель Лопеснинг тактикасига жамоамиз тўлиқ мослашиб бўлди. Айтганимдек, совуққонлик ҳамда охирида якуний зарбани берадиган футболчи етишмай қоляпти. Мураббий қўллаётган тактика билан кўплаб жамоаларга жиддий муаммолар туғдиряпмиз. Бундан хурсандмиз. Мураббийимиз жуда талабчан ва футболчиларни ҳам ютқазса жахли чиқиб, фақат ғалаба учун ҳаракат қилишимизни таъкидлаяпти. Хориж мураббийи бўлгани учун кўпроқ ғалабалар қозониб, раҳбариятнинг ишончини қозонишга киришни ва шу орқали Ўзбекистон футболида ўзига яраша тарих қолдиришни хоҳламоқда. Бу тарихни асоси футболчилар бўлишини доимо таъкидлаб туради.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!