Агент: Ўруновга аввал 5 минг, кейин юз минглаб доллар тўлашди
Бошқирдистон Республикасининг Октябрьский суди Москванинг “Спартак” клуби даъво аризасини қаноатлантириб, клубнинг собиқ бош директори Шамиль Газизовдан 92 миллион рубль ундирилиши ҳақида қарор чиқарди.
Бу ҳақда “Спартак” клуби юристи Татьяна Завьялова РАТА-ТАСС агентлигига маълумот берди.
Маълумотларга қараганда, “Спартак”нинг Шамиль Газизовдан 88 миллион рублни қайтариш ҳақидаги даъвоси Октябрьский сули томонидан ўтган йилнинг 10 августида рўйхатга олинган эди.
“Спартак” юристларидан бири Елена Чачуанинг маълум қилишича, Газизов 2020 йили клубда ишлаган даврида ана шунча суммани ўзига ноқонуний тарзда ёздириб олган.
“Советский спорт” нашри журналистлари вазиятни шарҳлаб беришни сўраб, таниқли футбол агент Дмитрий Селюкка мурожаат қилди.
Бу мутахассис ўз фикрларини билдирар экан, бош директор лавозимида ишлаган ва трансферлар масъулиятини ўз зиммасига олган Шамиль Газизов томонидан “Спартак” жамоасига олиб келинган футболчилар – ўзбекистонлик Остон Ўрунов ҳамда россиялик Александр Кокорин масаласига ҳам тўхталиб ўтди.
- Адолат қарор топганини таъкидлашни истайман. Бирор киши Остон Ўрунов ва Александр Кокоринни “Спартак”га олиб келиши масаласида ким ҳақ ва ким ноҳақ экани ҳақида жуда кўп гапириш мумкин.
Ўрунов клубга етакчи ўйинчи сифатида олиб келинди. Газизов бу трансфер ортидан ўзига ўзи катта суммаларни тўлади. Бу ерда зарарнинг ўзини қоплаб билан иш битмайди. Бунинг бари фирибгарлик.
Ўрунов кўпи билан беш минг оларди, Газизов “Спартак”да унинг маошини юз минглаб долларга кўтарди.
“Ювентус”да прокуратура фирибгарлик бўйича иш олиб бормоқда. Бизда эса, фақатгина ўзлаштирилган пулни ундиришга қарор чиқди. Менимча, бизнинг ҳуқуқ-тарғибот органлари бу масалага жиддийроқ эътибор қаратишлари керак.
Сиз Зарема Салихованинг Шамиль Газизов ҳақидаги гапларини сўзма-сўз такрорладингиз. У ҳам Ўрунов ва Кокорин трансферларини Газизовнинг юзига солган, ўзига клуб ғазнасидан 90 миллионни тўлаган шахс озодликда юрганини сўроқ остига олганди. Шунингдек, Газизовнинг профессионал даражасидан шубҳаланган эди.
Ҳайратланарли жойи йўқ. Мен кўпинча Зареманинг фикрларига қўшиламан. Профессионаллик масаласи “Уфа”нинг ҳозир қаердалигига қарасангиз билинади. “Уфа” биринчи лигада жон сақлаб қолиш учун курашмоқда.
Бу кимса номдор ва катта клубдаги юқори лавозимга келди. Бу ерда ҳаммасини расво қилди ва ўзига 400 миллион миқдорида бадал пули талаб қиляпти. Бу учига чиққан ўзидан кетиш-ку, - деди Дмитрий Селюк.
Эслатиб ўтамиз, Шамиль Газизов 2020 йилнинг бошида Остон Ўруновни Тошкентнинг “Локомотив” жамоасидан ўзи бош директор бўлиб ишлаётган “Уфа”га трансфер қилган. Мавсум ярмида уфалик мутахассис “Спартак” клубига бош директор бўлди.
Ярим мавсум юқори савияда ўйнаган Остон Ўруновни ва машҳур ҳужумчи Александр Кокоринни “Спартак”га олиб ўтди. 2020 йилнинг июлидан декабригача шу лавозимда ишлаган Газизов клуб раҳбари Леонид Федун билан чиқиша олмади ва клубни тарк этди.
Унинг ортидан “Спартак” Остон Ўруновни ҳам ўйнатмади. Кейинчалик Ўрунов икки марта ижара асосида “Уфа”да ўйнади. Бу жамоа қуйи лигага тушиб кетгач, “Спартак”га қайтди. Москваликлар ўтган йили кузда ярим ҳимоячимиз билан шартнома бекор қилди.
Ўрунов “Урал” сафига қўшилди. Бироқ, Екатеринбург жамоасида ҳам атиги учта ўйинда қатнашди. Клуб бош мураббийи билан келиша олмай қолган ҳамюртимиз “Урал” билан ҳам шартномасини бекор қилди.
Ҳозирча, Остон Ўрунов ўзига янги иш жойи топгани йўқ ва эркин агент мақомида юрибди.
Фикрлар