АГМК клубида қандай мутахассислар ишлаяпти?
Ads

АГМК клубида бўлган ПФЛ ишчи гуруҳи регламентга зид бўлган баъзи ҳолатларга дуч келди. Авваллари лицензияси бўлган мураббийларга ишлаш учун шартли равишда рухсат берилаверган. Энди эса бундай иш кетмайди.

Жумладан, аёллар футбол клубида фаолият олиб бораётган Илҳом Ҳанжариев (А) ҳамда Даврон Расулжоновнинг (С) ишлари жойида. Бироқ Алина Демьяненко, Нодира Йўлдошева ҳамда Мардона Алматова тайёрлов курсларига эндигина ҳужжат топширган. Улар биринчи навбатда лицензиялаш талабларини бажариши керак бўлади.

Асосий таркибда фаолият олиб бораётган Бахтиёр Ашурматов (Про), Зоҳид Нурматов (А) ва Аъзам Шерғозиев (А) масаласига эътироз йўқ. Бахтиёр Қамбаралиев (С) масаласи эса муаммоли. Унда камида Б лицензияси бўлиши шарт. Антон Майерановда эса ҳеч қандай лицензия йўқ, у эса ишлашда давом этяпти.

Ёшлар таркибида Руслан Гамадеев С лицензиясига эга. Мазкур мутахассис Б лицензиясига эга бўлмагунича ишлашга ҳақли эмас. Футбол мактаби директори Суюн Муртазоевда Б лицензияси бор. Аммо унутмаслик керакки, ПФЛ клублардан ўз академияси бўлишини талаб қилади. Академияга бошчилик қилиш учун эса мутахассисда камида А лицензияси бўлиши шарт.

АГМК футбол мактабида меҳнат қилаётган Умид Дадабоев, Талъат Абибуллаев, Зафар Назиралиев, Бобур Сайдазов кабилар ҳам лицензияга эга эмас. Футбол мактабидан иқтидорли футболчилар етишиб чиқиши потенциали қандай деган саволга мазкур ҳолат яхши жавоб бўлиши мумкин. 

Профессионал футбол лигаси мазкур мутахассисларни ва шу билан биргаликда АГМК клубини расман огоҳлантиради. 2019 йилги мавсум бошланмай туриб юқоридаги муаммолар юзасидан иш олиб борилиши шарт. Йўқса, АГМК футбол клубининг мамлакат Суперлигасида иштирок этиши масаласи сўроқ остида қолиши мумкин. Қайд этиш керак, ЎФА раҳбарияти мураббийларни ўқитиш масаласида бир қатор ўзгаришларни амалга оширган. Бу борадаги саволларга ташкилот жавоб беришга тайёр.