Суперклуб Ҳусановга жой очиш учун машҳур ўйинчилардан воз кечади!

“Ланс” юлдузи Абдуқодир Ҳусановга даъвогарлик қилаётган қудратли клублар орасида “Тоттенхэм”нинг номи ҳам кўп зикр қилинмоқда.

Буюк Британиянинг нуфузли манбаларидан бири standard.co.uk портали экспертлари “Тоттенхэм”нинг таркиби ва трансфер сиёсатини таҳлил қилиш жараёнида жамоага 20 ёшли ўзбек ҳимоячиси керак экани ҳақида ҳам гап борди.

Sports.uz портали ушбу манбанинг лондонликларнинг трансфер бозоридаги мақсадлари ҳақидаги таҳлилини ўзбекистон футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.  

Жароҳатларнинг кўплиги кетма-кет иккинчи мавсумда “Тоттенхэм”ни мураккаб аҳволга солиб қўйди. Бош мураббий Анге Постекоглу агар жамоа мусобақа жадвалининг иккинчи қисмидан клуб мавқеига ярашадиган юқори ўринларга кўтарилишни истаса, январда таркибни кучайтириш зарур эканини таъкидлади.

“Шпорлар” кейинги йилларда Деян Кулусевски, Родриго Бентанкур, Педро Порро, Раду Драгушин ва Тимо Вернер каби бир неча янги ижрочилар эвазига  таркибни ўзгартириб бормоқда.

Австралиялик бош мураббий бундан буён қимматбаҳо ва машҳур ўйинчилар ўрнига келажакда ҳам самара бериши мумкин бўлган ёш иқтидорларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ эканини айтмоқда. Ана шу режа асосида жамоа Жанубий Кореянинг “Канвон” жамоасидан 18 ёшли ҳужумчи Мин Хёк Янни олиб келди.

Постекоглу “Бизга ёрдам керак. Айниқса, ўйинчиларимизга кўмак зарур. Клуб буни амалга ошириш учун қаттиқ ишлаяпти”, деди.

Бош мураббий “ёрдам” деганда, янги ижрочиларни назарда тутди. Чунки дарвозабондан тортиб, ҳужум чизиғигача кучайтирилиши керак бўлган позициялар бор.

Хусусан, клуб техник директори Йохан Ланге янги ўйинчиларни ортиқча овозасиз, жимгина трансфер қилишни хуш кўради. Унинг асосий нишонларидан бири “Ланс”да ўйнаётган Абдуқодир Ҳусановдир.

“Тоттенхэм” анчадан бери “Кристал Пэлас” марказий ярим ҳимоячиси Эберечи Эзени олишни мўлжаллаб юрган эди. Лекин бу трансферни январда амалга ошириш деярли имконсиз. Шу боис, клуб қишда 20 ёшли ўзбек футболчиси трансферига эътибор қаратди.

Энди ҳимоя чизиғини кучайтириш навбати келди. Чунки ҳимоя чизиғи етакчиларидан Раду Драгушин тўпиғидан жиддий шикастланган. 2015 йилдан бери асосий ҳимоячиларидан бўлган 33 ёшли Бен Дэвиснинг ўйинида пасайиш кузатилмоқда ва уэльслик футболчига ишонч билдирилмаяпти.

2020 йили “Реал”дан олинган Серхио Регилон ҳали ҳам таркибга кира олгани йўқ ва жорий мавсумда ҳали битта ҳам ўйин ўтказмади. “Шпорлар” янги футболчиларга жой очиш учун Серхио Регилон ва гол уролмаётган ҳужумчи Тимо Вернер каби ўйинчилар хизматидан воз кечишга тайёр, - деб ёзди standard.co.uk портали эксперти Дэн Килпатрик.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг ёзидан бери “Ланс” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Бугунги кунда 20 ёшли ҳимоячи transfermarkt.world портали томонидан 12 миллион еврога баҳоланмоқда. Бироқ “Ланс” раҳбарияти ўз юлдузи учун 30 миллион евро атрофида маблағ талаб қилиши ҳақида маълумотлар чиқди.

Демак, Ҳусанов атрофидаги вазиятни кузатишда давом этамиз...

Гвардиоланинг Ҳусановга муносабати ҳақида ёзишди

Тезкор! Шомуродов талаш, Элдорга кутилмаган жойдан иш чиқди

Машҳур мураббий Ҳусановни ўз жамоасида кутяпти...

Файзуллаев қандай қизга уйланишини айтди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Sunnatjon Hamdamov
30/12/2024 14:43
Tugrisini aytsam Psjdan boshqasi olmasa kerak