"АГМК "Сурхон"ни унутишимга катта ёрдам берди" - Ҳусниддин Ғофуров нима учун клубини алмаштираётганини айтди

Бу йил 28 ёшни қаршилайдиган Ҳусниддин Ғофуров АГМКдаги фаолиятига якун ясагани тўғрисида яқинда Sports.uz орқали хабар берганмиз.

Ярим ҳимоячи энди бошқа клуб шарафини ҳимоя қилади. Унга ҳам қатор таклифлар бор. Аммо Ғофуров бир қарорга келгани йўқ. Sports.uz мухбири футболчига бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. Ҳусинддин аввало АГМК билан ўтган йилги чемпионатдаги натижаси ҳақида гапирди.  

- Худога шукр, яхши. Лекин бундан ҳам зўр бўлиши мумкин эди. Омадимиз келди, деса ҳам бўлади. Чунки биз 3-ўринни қўлга кирита олмаслигимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Шу сабабдан менимча, яхши бўлди, деб ўйлайман.

- Сизни АГМК билан хайрлашганингизни эшитдик ва “Навбаҳор”га ўтишингиз мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бу масалага ойдинлик киритсангиз...

- Ҳа, менинг АГМК жамоасидан кетганим рост. Лекин “Навбаҳор” ёки бошқа жамоага қўшилганим йўқ. Ҳозирча уйдаман, олдимда турган вариантларни кўриб чиқяпман. Ўйлашимча, яқин кунларда бир қарорга келаман.

гофуров

- Хизматингизга “Навбаҳор”дан қизиқиш бўлгани ростми?

- Менга “Навбаҳор”дан ҳеч ким телефон қилгани йўқ. Бу гап қаердан чиқди, билмайман.

- АГМКни тарк этишингиз нима билан боғлиқ? Нимадандир кўнглингиз тўлмадими?

- Клуб сафида 1,5 йил ўйнадим. Албатта, бу кўп ўйнади, дегани эмас. Шунчаки, муҳитни ўзгартиргим келди ва шунинг учун кетдим.

гофуров2

- 1,5 йил мобайнида АГМК сафида тўп суриб янги даражага чиқдим, деб айта оласизми?

- “Локомотив” ва “Пахтакор”дан кейин “Сурхон”га борганим хато бўлди, деб ўйлайман. АГМК эса “Сурхон”ни унутишимга жуда катта ёрдам берди. АГМКдан кейин балки олдинга, балки орқага кетиш бўлар. Ҳаммаси Аллоҳдан.

- Ўша пайтда биз ҳам бироз ажаблангандик. Аслида қандай қилиб “Сурхон”га бориб қолгандингиз?

- Кимларнидир гапига кириб хато қилиб қўйгандим. Бу ҳам бир яхшиликка бўлгандир.

гофуров3

- АГМК сизга янги шартнома таклиф қилмадими?

- Янги шартнома беришганди. Лекин мен кетишга қарор қабул қилиб бўлгандим. Шунинг учун улар билан дўстона хайрлашдим.

- Сизни яна Суперлигада кўрамизми ёки легионер сифатида четга кетиш ҳақида ўйлаяпсизми?

- Ташқаридан ҳам, ўзимиздан ҳам таклифлар бор. Боя айтдим, тез орада бир қарорга келаман. Ҳаммасини ўйлаб чиққан ҳолда ўзим ҳамда оилам учун маъқул бўлган вариантни танламоқчиман.

- Айнан қайси клубларнинг таклифлари сизни ўзига жалб этяпти?

- Биласизми, ўзимиздан 2-3 та яхши вариантлар чиқяпти. Аммо номларини айтмаганим яхши.

гофуров1

- Четдан тушаётган таклифлар қаердан?

- Ҳозирча Осиёдан. Рости, 2022 йилни четда ўтказаманми ёки Суперлигада қоламанми, ҳали аниқ эмас. Бу борада бир нарса дейишим қийин.

- 2022 йилда шахсий олдингизга қўйган вазифангиз қандай?

- Қаерга боришимдан қатъий назар мухлислар учун ўйнамоқчиман. Уларни ҳамиша хурсанд қилмоқчиман. Ишқибозлар қувонишса, биз ҳам қувонамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!