АГМК яна бир трансферни амалга оширди
Таркибни янада кучайтиришга интилаётган ва селекция ишларини фаоллик билан давом эттираётган АГМК бугун навбатдаги трансферни амалга оширди, - дея хабар бермоқда клуб матбуот хизмати.
Ўтган йиллар мобайнида “Бухоро” шарафини ҳимоя қилган тезкор чап қанот ҳимоячиси – Эргаш Исмоилов билан шартнома имзоланди. Ажойиб тезлик ва юқори иқтидор эгаси эндиликда “кончилар” либосида АГМК шаънини ҳимоя қилади. Эргаш Исмоилов эркин агент сифатида клуб билан бир йиллик битимга имзо чекди.
Эргаш Исмоилов 1995 йили Хоразм вилоятида таваллуд топган. У 2014 йилдан эътиборан “Бунёдкор” жамоасида катта футболга қадам қўйган. 2016 йилги мавсумда “Металлург” шарафини ҳимоя қилган. 2017-2020 йилларда эса “Бухоро”да барқарор ўйин кўрсатган футболчи янги мавсумдан бошлаб АГМК либосини кияди. Исмоилов фаолияти давомида жами 110 та учрашув ўтказган ҳамда рақиблар дарвозасини 6 маротаба ишғол этган.
Эргаш Исмоилов АГМК билан шартнома имзолаганидан бениҳоя хурсанд кайфиятда илк таассуротлари билан ўртоқлашди:
- АГМКнинг аҳил оиласи мени илиқ кутиб олди. Гарчи эндигина жамоага қўшилган бўлсам-да, таассуротлар бир олам. Тўғриси, 4 йилдан буён “Бухоро”да ўйнадим ва энди ўзимни кучли жамоада синаб кўриш иштиёқи пайдо бўлди. АГМК ўтган икки мавсумдан бери барқарор ва юқори даражадаги жамоага айланмоқда. Қолаверса, АГМКда Миржалол Қосимов бошқарувида тўп суриш истаги мени Олмалиққа чорлади. АГМКни танлаганимдан хурсандман. Режа ва мақсадлар улкан. Худо хоҳласа, янги мавсумда янада кучлироқ ўйнаб, Олмалиқ шаҳрига янги ғалабаларни тақдим этишга уринамиз. Агарда янги жамоамда 28-рақам бўш бўлса, одатдагидек ўзим учун севимли бўлган ушбу рақамни танлашни режалаштирганман. Мабодо, ушбу рақам банд этилган бўлса, майли бошқа рақамни танлайман. АГМК учун 2021 йилги мавсум чиройли ўтишига умидворман. Суперлига, Кубок ва халқаро майдонда кўзланган вазифа ҳамда мақсадларга эришамиз, деган умиддаман, - деди футболчи.
Фикрлар