АГМКнинг янги легионери: "Миржалол Қосимов жуда кучли шахс"

Янги мавсумга ҳозирлик кўраётган АГМК клуби ҳам ҳозирга қадар бир нечта трансферларни амалга оширди. Уларнинг орасида украиналик 31 ёшли ҳимоячи Андрей Мишенко ҳам бор. Футболчи 2021 йилни Тожикистоннинг “Истиқлол” клубида ўтказди ва жамоа билан Осиё Чемпионлар лигасида ҳам қатнашди.

Мишенко фаолияти мобайнида Украина чемпионатида “Горнск-Спорт”, “Сталь”, “Севастополь”, “Олимпик”, “Черноморец”, Исроилнинг “Маккаби” ҳамда “Хапоэль”, Россиянинг “СКА-Хабаровск” ва Қозоғистоннинг “Окжетпес” каби жамоаларида ўйнаган. Украиналик легионер АГМК аъзосига айланганидан кейинги илк интервьюсини Sports.uz сайтига берди.  

- АГМК – бу сиз учун фаолиятингиздаги янги клуб. Бу таклифни қандай қабул қилдингиз ва дастлабки таассуротларингиз?

- Клубда мени аъло даражада кутиб олишди. Жамоадошларимнинг тўлиқ қўллаб-қувватлашларини ҳис қилиб туряпман. Бу жуда яхши ҳолатдир. Ҳиссиётларим фақат ижобий. Мен учун бу фаолиятимдаги янги чорлов. Устига-устак, янги мамлакат ва янги чемпионат ҳақида кўп нарсаларни билиб олиш учун менда зўр имконият юзага келган.

- Умуман айтганда, АГМК варианти қандай пайдо бўлди?

- Агентим қўнғироқ қилиб, хизматимга АГМК томонидан қизиқиш борлигини айтди.

андрей

- Жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳақида нималарни биласиз?

- Мен Миржалол Қосимовнинг футболчилик, эндиликда эса мураббийлик фаолиятидан ҳарқалай хабардорман. У қаерда тўп сурмасин доим етакчи ролларда бўлган ва мураббий сифатида ҳам ўзидан жуда яхши таассурот қолдириб келяпти. У жуда кучли шахс.

- Айтинг-чи, янги клубингизда сиз учун таниш футболчилар ҳам борми?

- Ҳа, мен яхши танийдиган футболчилар бор. Улар Санжар Турсунов билан Александр Касьян.

- Санжар Турсунов ҳам ўз вақтида Украина чемпионатида тўп сурган. Уни яхши билишингизнинг сабаби шуми?

- Ҳа, ҳаммаси тўғри. Бизнинг йўлларимиз футбол майдонларида бир неча бор кесишган.

- Ўтган йили Тожикистонда “Истиқлол” учун тўп сурдингиз. У ердаги фаолиятингиз қандай кечди ва нима учун кетдингиз?

- Ўтган йили “Истиқлол”даги мавсум жуда зўр чиқди. Мен буни бемалол фаолиятимдаги ижобий давр сифатида ёзиб қўя оламан. Клуб билан тузилган шартномам ниҳоясига етганди. Уни узайтиришни истамадим. Шундай қарорга келишимга фаолиятимда олдинга яна бир қадам ташлаш керак, деган тўхтамга келганим сабаб бўлди.

P4Bm3sVOWyzPEHu710MKhO6Lx6LHuaFf2dSit2gk

- “Истиқлол”нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги юриши гўёки эртакка ўхшайди. Айниқса, “Ал-Ҳилол”дек рақибни йирик ҳисобда тор-мор келтириш…Ўша ғалаба фаолиятингиздаги такрорланмас ўйин бўлиб қолдими?

- Эҳтимол, бу “Истиқлол”нинг эртагига ўхшар. Биз мана шундай натижани қайд этиш учун майдонда боримизни бериб тўп сурдик. “Ал-Ҳилол” устидан қўлга киритилган ғалаба нафақат футболчиларнинг, балки бутун тожик ишқибозларининг юрагидан жой олди.

- Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон чемпионатига ўтишингиз фаолиятингизда олдинга ташланган қадамми?

- Албатта, бу юқори даражадаги чемпионат ҳисобланади. Бинобарин, чемпионлик тожи учун бир нечта клубнинг кураш олиб бориши мени ўзига тортди.

- АГМК жамоасида сизни ҳайрон қолдирган жиҳатлар ҳам бўлдими?

- Ҳайрон қолдингизми, деган саволингизни жавобсиз қолдирадиган бўлсам, мендан ранжимайсиз, деган умиддаман.

- Дарвоқе, сизда яна бошқа таклифлар ҳам бормиди?

- Ҳа, менда бошқа таклифлар ҳам йўқ эмасди. Аммо АГМКни танладим ва тўғри йўл тутдим.

андрей1

- Ўзбекистон чемпионатида қайси ҳужумчилар сиз учун хавфли? Умуман, ҳужумчиларимиз ҳақида биласизми?

- Ҳозирча бир нарса дейишим амримаҳол. Бунга чемпионат бошланишига оз қолганда тайёргарлик даражамиз қандай бўлганлиги юзасидан жавоб қайтаришим мумкин бўлади.

- Хўш, АГМКга келгач, ўз олдингизга қандай мақсадни қўйдингиз?

- Ҳар бир ўйинни ғалаба билан тамомлашни истайман.

- Нима деб ўйлайсиз, АГМК янги мавсумда чемпионлик учун кураша оладими?

- Астойдил ҳаракат қиламиз. Чунки бу кишини руҳлантирадиган ўзига хос жиҳатдир.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!