Акбар Исматуллаев: Футболчилар мухлислар тўла стадионда завқ билан ўйнашади

PEPSI  Суперлига-2018 ўз ниҳоясига етди. Буткул ўзгача тартибда ўтказилган миллий чемпионатимизнинг 2018 йилги мавсуми сиз-у бизга бир қанча шиддатли учрашувлар, кутилмаган натижаларни тақдим этди.

Бекободнинг “Металлург” жамоаси 2018 йилни анча кўтаринки руҳда ўтказди. Бекободликлар Суперлиганинг энг етакчи жамоалари учун ҳар вақт “бош оғриғи" бўла олишди. Якунда жамоа 5-ўринни банд этди. Бунда жамоа етакчиларидан бири Акбар Исматуллаевнинг хиссаси беқиёс бўлганини алоҳида қайд этиш жоиз. 

Маҳоратли футболчи ПФЛ расмий сайтига мавсум таассуротлари билан бўлишди. 

- 2018 йилги футбол мавсуми анча ёдда қоларли бўлди, десам адашмайман. Миллий чемпионатимиз буткул янгича форматда ташкил этилди. Жамоаларнинг 6 тадан 2 та гуруҳга ажратилиши сабаб чемпионат стартиданоқ ўйинлар анча шиддатли ва муросасиз кечганини таъкидлай оламан. Жамоалар бу йил ҳар бир очко учун чиндан жиддий кураш олиб боришди.

Яна бир жиҳатни алоҳида қайд этган бўлардим, ортда қолган мавсумда чемпионатимиз ташкилотчилик жиҳатидан анча ўсди. Келаси йили мана шу ўсишни давом эттириш керак, деб ўйлайман. Ташкил этилган оилавий секторлар, ўйин олдидан ҳар хил концерт дастурларининг уюштирилгани мухлисларни стадионга келишга чорлай олди. Натижада мухлислар стадионга кўпроқ кела бошлади ва бу ўйинчиларнинг кайфияти ва руҳиятига ижобий таъсир ўтказди. Зеро ўйинчи ҳам мухлис тўла стадионда ўзгача завқ билан тўп суради.

Келаси йилда мана шундай яхши амалиётларни давом эттириш керак. Яна ўйинлар трансляцияси масаласи ҳам бу йил анча “жонланди”. Уйда ота-оналаримиз ҳам ўйинларимизни жонли томоша қилиш имконига эга бўлишди. Мана шундай янгиликлар 2018 йилда кам бўлмади. Уларни 2019 йилда янада кўпайтириш лозим. 

Умуман олганда, ортда қолган 2018 йилги мавсум жуда эсда қоларли тарзда ўтди. “Металлург” жамоаси деярли 90 фоизга янгиланди. Мураббийларимиз яхши жамоа шакллантиришга уринишди. Натижада мавсумни кучлилар сафида 5-ўринда якунладик. Қайд этган натижамиздан мамнунман. Ўзим ҳам имкон қадар жамоам муваффақиятига хисса қўшишга уриндим. Ўйинимга баҳони мухлис ва мураббийлар бергани маъқул. Мен эса ҳамиша яхши формада бўлиш учун интилишда давом этавераман, - деди маҳоратли футболчи.  

“Металлург” жамоаси матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

ПФЛ расмий сайтидан олинди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!