Акмал Рустамов: "Андижон" билан ўйинда кўп куч йўқотгандик"
“Қизилқум” 3-турда ҳам ғалаба қозонди. Бу сафар “Машъал”га қарши беллашувда 2:0 ҳисобида устунликка эришишди. Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида навоийликлар бош мураббийи Акмал Рустамов қатнашиб, саволларга жавоб берди.
- Ўйин қийин ўтишини билгандик. “Машъал” ҳам иккита ўйиндан бери ютқазяпти. Жамоа иккита мағлуб бўлгач, учинчи учрашувга борини беради. Бунга яхши тайёргарлик кўргандик, ўйинчиларимга раҳмат айтмоқчиман. Совуқда бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга ҳам раҳмат. Ўйлайманки, ўйинимиз ўхшади, ҳисоб 2:0.
- Шебетунни ўйини чиқмагандек бўлди...
- Ўйин оралиғи кам бўлгани учун ўтган турда “Андижон” билан учрашувда кўп куч йўқотдик. Айтиш керакки, кўп футболчиларимизни жисмоний ҳолати яхши эмасди. Худога шукр, уни ўрнини тўлдирадиган ҳужумчиларимиз бор. Шохруз Норхонов уни ўрнига майдонга чиқиб, ўз вазиятини голга айлантирди. Футболда кимнидир ўйини ўхшамаса, захирадагилар майдонга чиқиб ёрдам бериши керак. Норхонов майдонга тушди ва ўз голини урди.
- Қисқа вақтга майдонга тушган Ғиёсжон Ризақулов ҳақида нима дея оласиз?
- Ғиёсдан умидимиз катта. Олимпия терма жамоасида ўйнайди. Аста-секин асосий таркибга қўшиб олсак, Худо хоҳласа ўйнаб кетади.
Стандартлар бўйича гапирадиган бўлсам, машғулотларда жарима, бурчак зарбалари бўйича ишлаяпмиз. Ҳаммаси бирдан бўлмайди, аста-секинлик билан бўлади. Кейинги учрашувларга ўхшамаган нарсаларимизни ўхшатишга ҳаракат қиламиз.
- “Қизилқум” олдига қўйилган мақсад қандай?
- Бу ҳақида биринчи турдан кейин ҳам журналистлар савол беришганди. Раҳбарият 5-ўрин дейишган, аммо биз бунга қарамаймиз, яна юқори ўринларга курашамиз, деб айта оламан.
Фикрлар