Акром Комилов: "Ўйин старти омадсиз бўлди, лекин ..."
ОКМК Суперлига биринчи турида "Сурхон" устидан зафар қучди (3:1). "Пахтакор" стадионида ўтган ўйиндан кейин олмалиқликлар ҳимоячиси Акромжон Комиловнинг фикрларига қулоқ тутдик.
— Биринчи ўйин қийин ўтишини билардик. Жамоа ҳам жисмонан, ҳам руҳан тўғри тайёрланган экан. Ўйин биз учун омадсиз бошлаган бўлса ҳам, якунгача мувозанатни ўзгартира олдик.
— Ўтказиб юборилган гол ОКМК футболчиларининг хотиржамликка берилиши натижасида пайдо бўлди, десак хато эмасми?
— Хотиржамлик эмас, мавсум бошида турганимиз учун ҳаяжон кучли эди. Рақиб стандарт вазиятдан фойдаланиб кетди. Голдан кейин ҳаяжонни енгиб, ўзимизга келиб олдик.
— Бугун жарима майдони ичига узатмаларингиз ўтган йилгига қараганда анча омадли чиқди. Мавсумлар оралиғида бу бўйича алоҳида ишладингизми?
— Фақат узатмалар эмас, ҳар жабҳада ўз устимда ишлашга ҳаракат қилдим. Ўйиндан аввал мендан олдинроққа ўйнаган Хуршид Ғиёсов билан келишиб олгандик. Мен юқорироққа чиқиб, унга кўмаклашдим. Шукр, натижа яхши бўлди.
ФР суҳбатлашди.
Фикрлар