"Ал-Айн" бош мураббийи: "Насаф"ни мағлуб этганимиздан мамнунмиз. Жамоамиз учун янги давр бошланмоқда"
Осиё чемпионлар лигаси нимчорак финалидан ўрин олган "Ал-Айн" - "Насаф" баҳси бўлиб ўтди. Унда мезбонлар 2:1 ҳисобида зафар қучди.
Мазкур баҳсдан сўнг БАА клуби бош мураббийи Эрнан Креспо ва Холид Эйса матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб бериб ўтди.
Эрнан Креспо:
- Натижадан мамнунмиз, жуда ҳам хурсандмиз. Ўйлайманки, "Ал-Айн" жамоаси учун янги давр бошланмоқда. 7 йил деганда клубимиз ушбу босқичга йўл олмоқда. Бу янги тарихнинг бошланиши, дея оламан.
Футболчиларимдан тўла миннатдорман. Сабаби, улар жуда қийин вазиятда имкониятлардан фойдаланиб кета олишди.
Стадиондаги муҳит ҳам ажойиб эди. Шунингдек, бунақа зич тақвимда футбол ўйнаш осон эмас. Чемпионлар лигасидаги илк турдан сўнг ички чемпионатда майдонга тушдик ва тикланиш жуда қийин кечди.
Шунга қарамай, биз мусобақада яхши иштирок этяпмиз. Бугунги ўйинда ҳам ўзимизни яхши томондан мухлис-у мутахассисларга намойиш эта олдик.
Холид Эйса:
- Биринчи навбатда, ушбу ғалабани шаҳримиз, клубимиз раҳбариятига бағишладик. Кўплаб йўқотишларга қарамасдан кейинги босқичга чиқа олдик. Биз бир марта ОЧЛ финалига чиққанмиз ва яна бир бор мазкур вазифани уддалай олишимизга ишонаман. Мақсадимиз - қўллаб-қувватлаётганларни хурсанд қилиш.
Ушбу ўйинни унутамиз, олдинда кўплаб учрашувлар кутиб турибди. Эътиборни муҳим баҳсларга қаратишимиз лозим ва бу йўлда биз яна бир мушт каби бирлаша оламиз, деб ўйлайман.
- Ҳар 72 соатда ўйин ўтказилди. Футболчиларда тикланиш жараёни қийин кечмадими?
Эрнан Креспо: Бундай ҳисобламайман. Сабаби, бу каби ҳолатни нормал қабул қилиш керак. Тўғри, кўплаб учрашувларда майдонга тушдик. Қийинчиликлар ҳам йўқ эмас. Шунга қарамай, кейинги беллашувга тайёрмиз.
Таркибимиз яхши ва савияли йигитлардан ташкил топган. Улар билан ротация қилишга тўғри келмоқда ва футболчилар буни ажойиб натижалар билан ҳаммасини тўла оқлаяпти.
Клубдаги барча профессионал тарзда меҳнат қилаётганини айтиб ўтиш лозим. Шу сабаб биз ижобий натижалар қайд этиб келяпмиз. Умид қиламанки, келгусидаги баҳсларда биз ўйлаган барча мақсадларимизга эриша оламиз.
- Раҳими гол уришидан сал аввал сиз уни чақириб, кўрсатмалар бердингиз. Айтингчи, сиз унга қандай гапларни айтгандингиз?
Эрнан Креспо: Мен кўп гапириб ўтирмадим. Шунчаки, уларга бизда ҳозир яхши имконият бор, шундан фойдаланиб қолишимиз керак. Қўшимча бўлимларга бормасдан ҳаммасини ҳал қилиш керак, деб айтдим. Сўнг Раҳими гол уриб кетди.
Фикрлар