"Ал-Наср" Роналду билан 2030 йилгача шартнома имзоламоқчи. Қанақасига?

Айни дамда эркин агент ҳисобланган ҳужумчи Криштиану Роналду "Ал-Наср"га ўтишга яқин турибди. Аввалроқ Саудия клуби «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳужумчисига 2025 йилгача шартнома таклиф қилгани, бироқ унинг ўзи Европа жамоаларидан таклиф кутаётгани хабар қилинганди.

Marca нашри хабарига кўра, саудияликлар яқин соатлар ичида футболчига расмий таклиф билан чиқишлари мумкин. Шу билан бирга, португалиялик футболчи янги жамоаси билан 2030 йилгача шартнома имзолаши ва яқин 2,5 йил давомида "Ал-Наср" шарафини ҳимоя қилиши мумкин. Роналду 2,5 йилдан сўнг эса Саудия Арабистони, Греция ва Мисрнинг 2030 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш бўйича қўшма аризасига кўра элчи вазифасини бажаради.

Эслатиб ўтамиз, Роналдунинг ватани – Португалия ҳам Испания ва Украина билан бирга айнан 2030 йилги мундиал мезбонлигига қўшма ариза топширган.

“Ал-Наср”да 2,5 йил ичида Роналду 200 миллион евро ишлаб олади. Унинг 2030 йилги жаҳон чемпионати учун элчи сифатидаги маоши эса янада юқори бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!