"Ал-Вакра" мураббийи: Жамоамизда ҳам 2-3 та хавфли вазиятлар юзага келди, лекин биз улардан фойдалана олмадик
Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) саралаш баҳси доирасидаги “Ал-Вакра” – “Навбаҳор”(0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Маркес Лопес қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Қуйида испаниялик мутахассиснинг фикрларини эътиборингизга ҳавола этяпмиз.
– Бугунги ўйиннинг биринчи бўлимида тўпни биз назорат қилдик ва шогирдларим яхши ўйин намойиш этишди. Бироқ жамоамизнинг етакчи футболчиларидан бирининг кутилмаганда жароҳат олиши учрашувга бироз таъсир ўтказди.Кейинчалик бир ўйинчимизнинг иккинчи марта сариқ карточка олиб, майдондан четлатилиши вазифамизни янада қийинлаштирди.
Биз ўша футболчи, яъни, Холид Юсуф Шуррабни алмаштирмоқчи эдик, лекин бунга вақт етмай қолди.
Шундай бўлса-да, шогирдларим “экстра-таймлар”нинг биринчи 15 дақиқасида яхши ҳаракат қилишди. Лекин таъкидлаганимдек, 10 киши бўлиб қолганимиздан сўнг, “Навбаҳор” ташаббусни ўз қўлига олди ва ягона гол учрашув тақдирини ҳал қилди.
Жамоамизда ҳам 2-3 та хавфли вазиятлар юзага келди. Лекин биз улардан фойдалана олмадик.
“Навбаҳор”ни бугунги ғалаба билан табриклайман ва ОЧЛнинг гуруҳ баҳсларида ҳам жамоага омад ёр бўлишини тилайман!
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар