Аламли мағлубиятга чидолмаган Неймар ва Доннарумма уришиб кетди
Чемпионлар лигаси нимчорак финалнинг жавоб учрашувида “Пари Сен-Жермен” ҳисобни очганига қарамай, иккинчи бўлимда Карим Бенземадан учта гол ўтказиб юборди.
Нуфузли турнирни тарк этган Париж жамоаси футболчилари беллашувдан кейин Неймар ва Доннаруммани ажратиб қўйишга мажбур бўлди.
Marca нашрининг ёзишича, бразилиялик юлдуз италиялик посбонни рақибнинг биринчи голида хатога йўл қўйганликда айблаган. Бунга жавобан Жанлуижи иккинчи гол Неймарнинг ишончсиз ўйинидан кейин вужудга келганини айтган.
Даҳанаки жанг ҳақиқий муштлашувга айланиб кетишига бир баҳя қолган. Бироқ ПСЖнинг қолган ўйинчилари ҳар икки футболчини ажратиб қўйди.
Таъкидлаш жоизки, ПСЖдаги жанубий америкалик легионерлар ва Европа чемпионатининг энг яхши ўйинчиси, деб топилган Жанлуижи Доннарумма ўртасида яширин зиддият бор.
Неймар ва Месси етакчилигидаги жанубий америкаликлар дарвозани уларнинг қитъадоши Кейлор Навас қўриқлашини истайди. Бу борада улар бош мураббий Маурисио Почеттинога босим ўтказиб келиши ҳақида кўп хабарлар тарқатилган эди.
Фикрлар