Александр Хомяков: Аксарият футболчиларимизнинг шартномалари ниҳоясига етиб бўлган

Ўтган йили про-лигада 1-ўринни эгаллаб бу йил Суперлигада қатнашган «Андижон» жамоасининг асосий вазифаси кучлилар орасида ўз ўрнини сақлаб қолишдан иборат эди. Шунга яраша клуб ўз олдига қўйилган вазифани бажарган ҳолда мавсумни 10-поғонада якунлади. Лекин айтиш керакки, чемпионат давомида андижонликлар турли қийинчиликларга дуч келишди.

Аввалига мавсумни Элдор Сакаев бош мураббийлигида бошлашган бўлса, кейинчалик Александр Хомяков бошчилигида тугатишди. Айнан чемпионат ўрталарига яқин ушбу мутахассиснинг клубга олиб келиниши туфайли жамоа ўйинида олдинги силжиш кузатилди. Тўғри, шунда ҳам клубда молиявий жиҳатдан муаммолар кўзга ташланиб турди. Шунга қарамай, россиялик мутахассис футболчилар билан ҳамжиҳатликда жамоани Суперлигада сақлаб қолишнинг уддасидан чиқди. Лекин чемпионатнинг охирги турларида «Андижон» бош мураббийсиз ўйинларини якунлади. Бу эса мухлислар орасида Хомяков кетиб қолибди, деган миш-мишларни ҳам келтириб чиқарганди. Аммо аслида бундай эмасди ва у Украинага хизмат сафари билан кетганди. Бунинг устига Хомяковнинг "Андижон" билан тузган шартномаси 2020 йилнинг 30 декабрь кунига қадар амал қилишини айтиб ўтиш жоиз.

Айни чоғда эса Александр Андреевич Россияда, ўз уйида қишки таътилни ўтказмоқда. Жамоа мухлисларини эса янги мавсум ҳақида режалар ва ўзгаришлар кўпроқ қизиқтириши табиий. Куни кеча россиялик мутахассис билан боғландик ва аввало Украинага бориб келгани ҳақида сўрадик ва шунингдек, таркибда қандай ўзгаришлар бўлиши, якунига етган мавсум хусусидаги айрим саволлар билан ҳам мурожаат қилдик.  

- Александр Андреевич, мавсум якунида кутилмаганда Украинага кетиб қолдингиз. Бу сафар олдиндан режалаштирилганмиди ёки…

- Ҳа, бу олдиндан режалаштирилган эди.Чунки 25-27 ноябрь кунлари Киевда аттетациядан қайта ўтишим кўзда тутилганди. 24 ноябрда охирги ўйинимизни ўтказдик ва мен Украинага қараб учдим. Бу борада раҳбариятга хабар бердим ва кетишим кераклигини тушунтирдим. Раҳбарлар ҳеч қандай монеликсиз менга рухсат бердилар.

- «Қизилқум»га қарши ўйиндан кейин негадир футболчилар мухлислар ёнига бориб «Деньги давай» дея бақиришга тушдилар. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

- Очиғи, бу саволнинг жавобини ўзингиздан эшитишни кўпроқ истаган бўлардим. Чунки сиз журналистлар бундай пайтда мухлислар ёнида бўласизлар ва уларнинг бу каби мурожаатга қандай муносабат билдирганини футболчилардан кўра яхшироқ биласизлар. Тўғрисини айтсам, ушбу саволингизга нима деб жавоб қайтаришни ҳам билмайман…

- Лекин бундай мурожаат фанатларга ёққани йўқ…

- Тушунарли… Қолаверса, мен у ерда эмасдим ва ўйинчиларнинг бундай дея бақиришларига нима сабаб бўлганини билмайман.

- Мана, мавсум ниҳоясига етди ва клубнинг биринчиликдаги иштироки ҳақида нима дея оласиз?

- Жамоам қайд этган натижаларга баҳони бош мураббий эмас, балки ишқибозлар ва раҳбарлар беришади. Биз эса шунчаки ўзимиздан талаб қилинган ишни бажаришга ҳаракат қиламиз холос. Шахсан ўзимдан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсам, клуб қайд этган натижалардан қониқиш ҳосил қилдим дейишим ҳам мумкин. Чунки биз Суперлигада қолдик. Аммо очиғи, бундан ҳам яхшироқ натижа қайд этишимиз мумкин эди…

- Умуман олганда, жорий мавсумда «Андижон»даги фаолиятингиз ўзингизга ёқдими?

- Боя натижаларимиз бундан ҳам яхшироқ бўлиши мумкинлигини айтдим. Нима бўлган тақдирда ҳам «Андижон»даги фаолиятимдан умумий маънода ўзим кутган даражада қониқиш ҳосил қилдим дея тўлиқ айта олмайман. Асосий вазифа клубни профессионал рельсларга тўғри йўналтиришдан иборат эди. Бу борада ишларимиз кўнгилдагидек чиқмади.

- Айтишларича, бу йил кўплаб футболчиларнинг шартномалари ниҳоясига етади ва улар жамоани тарк этишади. Шу гаплар ростми?

- Бунинг эҳтимоли анча юқори. Чунки аксарият футболчиларнинг клуб билан тузган шартномалари 30 ноябрда ниҳоясига етиб бўлган. Агар хато қилмаётган бўлсам, «Андижон»да шартномаси тугаман икки нафар футболчи қолди холос.  

- Агар сир бўлмаса, ўша ўйинчилар кимлигини айта оласизми?

- Бу саволга раҳбарият жавоб қайтарса тўғрироқ бўлармиди…

- Табиийки, янги режалар тузиб чиққан бўлсангиз керак.

- Гапингиз рост, Украинага жўнаб кетиш олдидан жамоанинг янги мавсумга тайёргарлик кўриш режасини тузиб чиқдим. 21 декабрдан машғулотлар бошланади. Дастлабки йиғин 29 декабрга қадар давом этади. Сўнг 4 январдан Янгиерда тўпланишни режалаштириб турибмиз. У ерда 20 январгача шуғулланмоқчимиз. Албатта, биринчи навбатда клуб ўзагини ташкил этишимиз керак бўлади. Ҳозирча эса бизда бундай имконият йўқ. Қолаверса, таркибни шакллантириш чоғида келгуси мавсум учун раҳбарият томонидан қўйиладиган вазифа ва бюджет миқдорини билиб олиш даркор. Бундан ташқари, ўйинчилардан бўлган қарзларни қоплаш керак.

- Қарз анча кўпми?

- Аниқ суммани билмайман, ахир мен ҳисобчи эмасман-ку. Менга футболчиларнинг маошларидан бўлган қарзлар тўпланиб қолганини айтишди.

- «Андижон»нинг охирги учрашувидан кейин вилоят ҳокими футболчилар билан кўришди ва уларни моддий томондан рағбатлантирди…

- Ҳа, бу ҳақида эшитдим. Айтишларича, йил якунига кўра ўйинчилардан бўлган қарзлар тўла қопланишини ваъда берганлар.

- Қайси ўйинчи мавсум давомида сизда яхши таассурот қолдирди?

- Аниқ бирор-бир ўйинчини кўрсатишга қийналаман. Чунки улардан бирортаси ўзини тўлиқ нималарга қодирлигини намойиш эта олмади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Mirali Hcerali
19/12/2019 10:55
Рахмат сизга хомяков