Александр Хомяков: "Бундай ўйинларда футболчиларнинг эмоцияларга берилиши табиий"

“Андижон” жамоасининг “Нефтчи”га (0:0) учрашувидан кейин бош мураббий Александр Хомяков сафарда қайд этилган дуранг ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Дастлаб ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Анча қийин ўйин бўлди. Водий дербиси эди ва бундай учрашувларда жуда ҳам шиддатли баҳс кечади. Мен ҳам айнан шундай шиддатни кутгандим. “Нефтчи” жамоаси яхши ўйин кўрсатди, бир қатор вазиятларни яратди. Худога шукрки, ҳимояда мустаҳкам ўйнадик ва тўп ўтказиб юбормадик. Майдон марказида ҳам яхши ўйнадик, деб ўйлайман. Марказга ҳам кўп нарса боғлиқ эди. Ўртада ишончли ўйнадик ва керакли ишларимизни шу жойда амалга оширдик. Ўйиндаги босим кучли эди. Рақиб хавфли ҳужумлар ташкил қилди. Шунга қарамай, дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қола олдик. Йигитларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

- Муҳаммадкарим Тоиров бир қатор вазиятларда вақт чўзгандек бўлди...

- Тўғрисини айтаман, бир-икки вазиятларда марказда айрим хатоликларга йўл қўйдик. Баъзи ҳолатларда майдон марказида яхши ҳаракат қилган бўлсак-да, яна айрим пайтларда камчиликларга йўл қўйдик. Айрим паллаларда ўйинни назорат қилишга интилдик. Билмадим, балки қайсидир ҳолатларда биз учун ўйинни чўзиш ҳолатларига тўғри келгандир. Буни албатта кўриб чиқамиз. Аммо бу каби беллашувларда ҳар нарса бўлиши мумкин, ахир. Айтганимдек, рақиб ҳам яхши ўйнади. Ўрни келганда учта ҳимоячи билан ҳаракат қилган ҳолатлар ҳам бўлди. Яна бир бор футболчиларимга раҳмат. Айниқса, иккинчи бўлимда мардонавор курашишди. Рақиб қанча ҳужум қилишидан қатъий назар йигитларнинг барчаси мардларча дарвозамизни муносиб ҳимоя қилишди. Дарвозабонимиз ҳам жамоамизни қутқарди.

- Иккинчи бўлимда майдонга тушган Сардор Азимов анча эмоцияларга берилиб кетди. Бу борада нима дейсиз?

- Тўғри, бундай учрашувларда футболчиларнинг эмоцияларга берилиб кетиши табиий ҳолат. У ўзини қўлга олиши керак эди. Бунгача қизил карточка туфайли ўйинларни ўтказиб юборганди. Ҳа, майдонга тушгач, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди. Бу борада уни тушунаман. Албатта, бир қатор учрашувларни ўтказиб юбориб яна майдонга қайтгач, четлатилганида яхши иш бўлмасди. Бундай баҳсларда ўйинчи ўзини назорат қилиши керак.

- Қўллаётган тактикангиз қанчалик даражада самара беряпти, деб ўйлайсиз? Бундай услубни мавсум охиригача ўзгартирмайсизми?

- Ҳар хил тактик усулларни қўллаб кўряпмиз. Футболда ҳар хил вазиятлар бўлади. Шуни ҳисобига “Нефтчи” учта ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти. Барча жамоалар яхши ҳимоявий ўйин кўрсатишяпти, деб ўйлайман. Албатта, нима бўлишини мавсум сўнгида кўрамиз. Ҳозир ҳар бир жамоа учун ҳар бир очко қимматли. Бир очкони топишнинг ўзи осон бўлмаяпти. Клублар натижа учун курашишяпти. Чемпионат иштирокчилари очко олиш учун турли хил услубларни қўллаб кўришяпти. Шу сабабли бугунги кунда футбол турли кураш ва эмоцияларга бой ўйин ҳисобланиб қолди. Барчага очко зарур. Қўлга киритилган ҳар бир очко чемпионат охирида асқотади. “Нефтчи” иккинчи даврада анча фаол ҳаракат қиляпти, деб ўйлайман. Ғалабаларга эришиши учун янада кучлироқ ўйин кўрсатиши керак деб ҳисоблайман. Ўйлайманки, “Нефтчи” жамоасининг ғалабалари ҳали олдинда. Ўз мухлисларини хурсанд қила олади.

- Баҳс охирларида футболчилар тўпни олиши билан тепиб юборавердилар. Тўлиқ ҳимояланиш ҳақида кўрсатма берганмисиз?

- Ўйинни кўрдингиз, охирги дақиқаларда биз кўпроқ ҳимояландик. Яхши ҳимояни қурдик, деб ўйлайман. Биринчи бўлимда 4 нафар футболчи билан ҳимояландик. Жарима майдони ичида эхтиёткор бўлиб ҳаракатланиш биз учун муҳим эди. Чунки бу жуда хавфли жой. Бундай вазиятларда “Нефтчи”дек жамоадан тўп ўтказиб юбориш хавфи катта бўларди. Шунинг учун ҳам жарима майдончамиз атрофида яхши ҳимояланишга интилдик. Биринчи бўлимда ҳам вазифамиз рақибни ўзимизга яқинлаштирмасдан марказда тўхтатиб қолиш эди.

- Етакчиларга қарши ўйинларда “Андижон” очколарни тортиб олмоқда. Жамоа олтилик учун курашадими ёки мавжуд натижалар сизни қаноатлантиряптими?

- Албатта, ҳамма қатори биз ҳам олдинга интилишга ҳаракат қиламиз. Мураббий сифатида доим ҳам ўйиндан қониқмайман. Яхши ҳимояланиш, майдонни яхши кўра билиш каби хусусиятлар ҳар бир жамоанинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бизни хурсанд қилаётгани ҳозирча яхши ҳимояланяпмиз. Ўйлайманки, аста-секин ўз ўйинимизни қуриб боряпмиз. Ўйинимиз ва ғалабаларимиз билан мухлисларимизни қувонтириш асосий вазифамиз. Бу йўлда меҳнат қиляпмиз ва курашяпмиз. Барчани Мустақиллик байрами билан табриклаб қоламан.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Жабборов Ахмаджон
01/09/2023 14:45
Иккала жамоа ҳам ишқидиб гол уриб қўймайда деб ўйнади. Яна билмадим.