Александр Хомяков: "Ғалаба учун яхшигина ҳаракат қилдик"
“Олимпик” – “Андижон” (0:0) учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида андижонликлар бош мураббийи Александр Хомяков саволларга жавоб қайтарди.
- Етарлича курашларга ва хиссиётларга бой ўйинни гувоҳи бўлдик. Учрашув давомида бир қатор хавфли вазиятларни кўрдик, аммо тўп дарвозага кирмади. 90 дақиқа мобайнида кучли босим остида ўйин бўлди, деб айтишим мумкин. Умуман олганда, жанговар дуранг кузатилди.
- Андижонлик мухлисларда “Олимпик”ни юта олмади, қабилида эътирозлар бўлди. Бу танқидга нима дейсиз?
- Албатта, мухлисларимиз фақат ғалабани кутишаётганини биламиз. Биз ҳам шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Яна дуранг ўйнадик. Эътибор берган бўлсангиз, бу ўйинда ғалаба учун яхшигина ҳаракат қилдик. “Олимпик” жамоасини ҳурмат қилишимиз керак. Асосий таркиби Ўзбекистон олимпия терма жамоасини ташкил қиладиган футболчилар. Улар Олимпиадага йўлланмани қўлга киритишган. Шу сабабли бу рақибни осон ютишимиз мумкин, деган фикрдан йироқман. “Олимпик” ҳам яхши жамоа. Ҳа, гол уришимиз мумкин эди. Ишқибозларимизни тўғри тушунаман. Афсуски, ўйин дуранг билан тугади.
- “Андижон” чемпионатни яхши бошлаганди. Охирги 3-4 та ўйинда эса жамоа ўйинида пасайиш бўлгандек ва жамоа ғалаба қозона олмаяпти. Бу ҳақида фикрингиз?
- Албатта, биз март ойида мавсумни жуда яхши бошладик, биз учун омадли келганди. Май ойида кўплаб очколарни йўқотдик. Мағлубиятга ҳам учрадик. Сабаблар ва омиллар кўп. Ротация билан боғлиқ муаммолар ҳам бўлди. Ҳужумларда бир қатор имкониятлардан фойдалана олмадик. Ҳужумдаги жараёнларда асабий ҳолатлар бўлди. Футболчилар имкон қадар ҳаракат қилишди. Энди кейинги учрашувларда йигитларимиз бор имкониятларини ишга солиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Аввал ҳам айтганман, бизда бир қатор муаммолар бор. Айниқса, ҳужумда ҳам. Буни тан оламиз ва муаммоларни бартараф қилиш устида иш олиб боряпмиз. Бу ерда йигитлар ҳаракат қилишмаяпти ёки ғалаба учун ўйнашмаяпти, деган фикрдан йироқман. Улар курашишяпти, хоҳлашяпти. Бироқ ҳужумдаги натижа яхши кўриниш олмаяпти. Очиқ айтаман, ҳужумдаги вазиятларда тажриба етишмаяпти. Ўйлайманки, вақт ўтиши билан барчаси изига тушади.
- Олдин ҳам бир-иккита омиллар етишмаяпти, деб айтгандингиз. Бу сафар ҳам шунақа деяпсиз. Айнан қайси омиллар етишмаяпти?
- Бирданига ҳаммасини бартараф қилиш имкони йўқ. Ахир мен ҳам инсонман, сеҳргар эмасман. Бизда сеҳрли таёқча йўқ. Ўзимиз курашяпмиз, интиляпмиз. Янгиликлар киритишга ҳаракат қиляпмиз ва бор имкониятимиздан фойдаланяпмиз. Ҳужумларни янада такомиллаштириш бўйича самарадорликни яхшилашимиз керак.
- “Андижон”нинг ҳужумкор ўйин ташкил қилишида учта ярим ҳимоячилар орқали амалга ошириляпти. Бу қанчалик ўз самарасини беряпти?
- Бир нарсани тушунишингизни хоҳлардим, клуб стратегияси бироз ўзгарди. Ёш ва иқтидорли ўйинчиларни жалб қилиш, шу орқали жамоани шакллантириш жараёнига ўтганмиз. Бизга ҳужум чизиғини янада шакллантиришимиз учун вақт керак. Ёшларга ўзларини кўрсатиши учун вақт зарур. Хебай сингари бўлиши учун ўйлайманки, бир қанча муддат лозим. Очиқ айтадиган бўлсам, мавсум олдидан бизга юқори вазифалар қўйилмаганди. Стратегиялар ўзгариб боряпти. Яхши ўйин ташкил қилиш, ёш футболчиларга эътиборни ошириш клуб стратегиясининг асосий вазифаларидан бирига айланган. Ҳали шундай вақтлар келадики, жамоа кучли таркибга эга бўлади. Иқтидорли ёшлар етишиб чиқиб, шаклланган жамоага айланади. Аммо ҳозирча ўйлаган режаларимиз у қадар амалга ошмаяпти.
- Кейинги учрашув “Пахтакор”га қарши ўтади. Иккита ҳужумчи билан ўйнайсизми ёки бошқа услубни қўллайсизми?
- Буни кўриб чиқамиз. Ҳозирги вақтда “Пахтакор”га қарши бўлажак учрашув ҳақида бирор нима дея олмайман. Кўрамиз, бизда 4 та ҳужумчи бор, балки 2 тасини ўйнатармиз ёки бошқача услуб қўллармиз. Буни ўйинга яқин ҳал қиламиз. Ҳозир бу саволга жавоб бериш қийин. Шахром Самиевни жароҳати қанчалик эканлигини кўриб чиқамиз. Шундан кейин бир фикрга келамиз. Иккита ҳужумчи билан ўйнашимиз ҳам мумкин.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар