Александр Хомяков:

Хабарингиз бор, ўтган ҳафтада «Машъал» клуби про-лиганинг «А» минтақасида ғолибликни қўлга киритган ҳолда муддатидан аввал Суперлига йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Шу тариқа, муборакликлар икки йиллик танаффусдан сўнг яна элитада иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишди. Табиийки, «Машъал» жамоасининг яна ўз жойига қайтгани кўпчиликни хурсанд қилган бўлса ажаб эмас. Муборакда 10 йил давомида ишлаб, шу йилнинг ярмида клубни тарк этган собиқ бош мураббийи Александр Хомяковнинг ҳам «Машъал»нинг элитага қайтишида барибир ҳиссаси борлигини тан олиш лозим. Ҳозирда «Андижон»ни бошқариб келаётган россиялик мутахассис ҳам ўзи учун қадрдон бўлган «Машъал»нинг Суперлигага қайтганидан хурсандлигини яшириб ўтирмади. Шу мақсадда куни кеча Александр Андреевич билан гаплашдик. Албатта, ўзаро мулоқот давомида кўпчиликни қизиқтираётган масалаларга ойдинлик киритдик. Маълумки, Хомяков элитада ишлашни истагани учун «Андижон» таклифини қабул қилганди. Энди эса ўзи учун қадрдон бўлган «Машъал» ҳам Суперлига аъзосига айланди. Бу борада мутахассиснинг билдирган фикрлари ҳам сизни бефарқ қолдирмаса керак.

Албатта, «Машъал»нинг Суперлигага қайтгани Хомяковни ҳам бефарқ қолдирмагани шубҳасиз. Чунки юқорида таъкидланганидек, барибир ушбу мутахассиснинг ҳам меҳнати бор. Шу боис Александр Андреевич муборакликларнинг элитага қайтгани хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Албатта, мен «Машъал» жамоаси учун жуда ҳам хурсандман, - дея гап бошлади, Александр Андреевич. - Шу муносабат билан уларни Суперлига йўлланмасини қўлга киритишгани учун муборакбод этаман. Сизга тўғрисини айтадиган бўлсам, у ерда ишлаётганимда биринчи даврада Суперлигага чиқиш мақсадимиз йўқ эди. Айнан олдимизга катта вазифа қўйилмагани сабабли биз асосий урғуни асосан ёшларга қаратишга қарор қилгандик. Натижада таркибимиздаги футболчиларнинг ўртача ёши 22-23 ни ташкил қиладиган бўлганди. Мен ишлаётган чоғимда эса «Машъал» билан 7 ёки 8 та ўйин ўтказгандик, яширмайман, қийинчиликлар ҳам бўлганди. Лекин шундай бўлса-да, жамоамизда имконият бор эди. Ҳеч кимга осонликча таслим бўлмаётгандик. Болаларнинг иқтидори кўриниб турганди. Кейин эса раҳбарлар жамоани кўриб, шунга амин бўлишдики, шу таркиб билан ҳам Суперлигага чиқиш учун курашса бўлади деган қарорга келишди. Натижада кейинги босқичдан жамоа олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилди ва энди шу мақсад учун кураша бошланди. Бунинг оқибатида таркибга янги ўйинчилар таклиф қилинди. Якунда эса клуб ўз мақсадига эришди. Яна бир бор «Машъал»ни Суперлигага қайтгани билан табриклайман.

Айтиш керакки, Хомяков Суперлигада ишлашни хоҳлагани учун Муборакдан кетганди. Мана, энди «Машъал» ҳам Суперлигада иштирок этадиган бўлди. Хўш, энди нима бўлади? Қизиқ, Хомяковда яна собиқ клубига қайтиш истаги бормикин? Бу борада унинг ўзи шундай деди:

- Биласиз, «Машаъл» мен учун оддий клуб эмас. Бу менинг ўз жамоамга, иккинчи уйимга айланган. Лекин вазиятнинг бошқа томонини қарайдиган бўлсак, менинг «Андижон» билан тузган амалдаги шартномам бор. Шунинг учун мен ўртадаги битимга амал қилган ҳолда тўлиқ ишламоқчиман. Шартномам муддати эса 2020 йилнинг 31 декабргача ўз кучида бўлади. Айнан «Андижон» билан тузган шартномам борлиги учун ҳеч қаерга кета олмайман. Аслида эса нарсаларимни йиғиштириб, кетиб қолишим нотўғри ҳам бўлади. Чунки мен шартномадаги бандларни бажаришим керак. Умуман айтганда, менинг барча ўй-ҳаёлларим фақат «Андижон» билан боғлиқ.

Хомяков «Машъал»дан кетганидан кейин унинг ўрнини Асрор Алиқулов эгаллади. Натижада муборакликлар ушбу мураббий бошчилигида манзилга етиб келишди. Шунга қарамай, Алиқулов «Машъал»нинг муваффақиятида Хомяковнинг ҳам меҳнати борлигини айтиб ўтганди. Ўз навбатида россиялик мутахассис ушбу мураббий ҳақида ҳам фикр билдирди.

- Асрор Алиқулов ёш мураббийлардан бири ва у бу борадаги фаолиятини яқиндагина бошлади. Менимча, у фаолиятида иккинчи клубда бош мураббий бўлиб ишлаяпти. Бундан аввал адашмасам, «Шўртан»ни ҳам бошқарганди. «Машъал» эса Алиқуловнинг иккинчи клуби. Ўйлайманки, Асрор тўғри йўлдан кетяпти. Бунинг устига «Машъал»да мураббийлар штаби ҳам яхши йиғилган. Албатта, улар менинг услубим бўйича ишлашда давом этишса, бундан жуда хурсанд бўлардим. Айтишим мумкинки, Алиқулов учун ниҳотда мамнунман. Қолаверса, у мени эслаб турганидан ҳам миннатдорман. Шуни ҳам айтмоқчиманки, «Машъал»нинг Суперлигага қайтганида уларнинг ҳиссалари катта бўлди. Албатта, клубдагилар билан ҳамиша алоқада бўлиб тураман. Ҳар бир ўйинларимиздан кейин мен уларга ёки улар менга қўнғироқ қилишади ва ғалабалардан сўнг бир-биримизни табриклаймиз. «Машъал»дан кетган бўлсам-да, раҳбарият билан муносабатларимиз жуда яхши.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Shaxboz Bekmurodov
05/11/2019 21:45
Xamyakov senga raxmat Mashal uchun qilgan ishlaringa, endi senga omad qaytmasangam bo‘ladi Mashal endi medallar uchun kurashish kerak