Александр Хомяков: "Мураббий кўрсатма беради, ҳаммасини эса футболчилар амалга оширадилар"
“Андижон” – “Олимпик” (1:0) ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманиниг иккинчи қисмида мезбонлар устози Александр Хомяков саволларга жавоб қайтарди.
- Бугун муросасиз, шу билан бирга анча асабий ўйин бўлди. Боиси, жамоалар ўз олдига қўйилган вазифаларни бажармоқдалар. Албатта, беллашув чоғида бир қанча жабҳаларда рақибдан устунлик қилдик. Чемпионат охирлаб бормоқда, очко жамғариш ўта муҳим. Ўйинни ютганимиздан хурсанд бўлдим, йигитларга раҳмат. Ғалаба учун уларга яна бир бор раҳмат айтмоқчиман.
- Охирги пайтларда “Андижон” яхши ўйин кўрсатяпти. Мана, Ўзбекистон Кубоги финалида ҳам ғалаба қозондинглар. Бугун ҳам жамоа тактик томондан яхши ўйнади, тўғри тактика танлади ва шунинг ҳисобига ютди.
- Илиқ фикрлар учун миннатдорман. Кубок финалидаги ғалаба билан сизни ҳам табриклайман! Дарҳақиқат, бу ажойиб ютуқ бўлди, лекин энди ҳаммаси тарихда қолади. Жамоа эса фақат олға силжиши даркор. Яна шуни айтиш керакки, аввало охирги ғалабаларда менинг ҳиссам унчалик юқори эмас, ҳаммасини йигитлар майдонда амалга оширдилар. Мураббий кўрсатмалар беради, ҳаммасини эса футболчилар амалга оширадилар. Шуни айтиш керакки, биз бундан кейин ҳам олдинга ҳаракатланишдан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз.
- Бугун икки хил бўлим гувоҳи бўлдик. “Андижон” биринчи бўлимда ўз ўйинини кўрсата олмагандек бўлди. Иккинчи бўлимда эса ғалаба қозониш учун жуда хавфли ҳужумлар уюштирди, фаол ўйнади. Нима учун икки хил таймни кўрдик?
- Ҳа, беллашув чоғида бир қанча жабҳаларда рақибдан устунлик қилдик. Лекин рақиб ўйинини ҳимояга таянган ҳолда ташкил этгани учун бизга осон бўлмади ва бунинг учун футболчиларимизга раҳмат. Сиз айтиб ўтганингиздек, тактикамизни умуман ўзгартирганимиз йўқ. Қолаверса, рақибнинг кескин равишда қарши ҳужумлар уюштириши мумкинлигидан ҳушёр тортиб ўйнадик. Биринчи бўлимда Леван Арвеладзе жароҳат олгани боис уни алмаштиришга мажбур бўлдик. Энг асосийси, йигитларимиз бўшашмасдан ўз йўлида давом этишлари керак. Бу чемпионатда иккинчи даврадаги биринчи ғалабамиз бўлди. Сўзим охирида барча ишқиболармизга жамоамиз аъзолари номидан миннатдорлик билдирмоқчиман, ҳаммага омад ёр бўлсин!
Фикрлар